БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ

Беш асрким, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг тафаккур қудрати, бадиий фасоҳати, ўта намунали ахлоқи, улуғвор бадиий санъати олам аҳлини лол қолдириб келмоқда.

Ҳазратнинг таваллуд айёмлари муносабати ила мен ул зотнинг «Эй, сабо» деб бошланувчи ғазалларини идрок  этганим қадар шарҳламоқни ихтиёр қилдим.

Шарҳимизда хатоликлар бўлса, ғазалхонлардан узр сўрайман. Ғазал шундай бошланади:

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,

Йиғларимнинг шиддатин гул барги хандонимға айт.

Бу байтда ҳазрат Навоий тазод – қаршилантириш бадиий санъат воситасидан фойдаланганлар. Бир томонда қад-қомати келишган гўзал, қарши томонда унинг ҳажрида йиғлаб, абгор бўлган ошиқ; бир томонда ошиқнинг «йиғиси шиддати», иккинчи томонда маъшуқанинг «гул барги хандони» бир-бирига рўбарў қўйилади. Ошиқнинг ҳолидан ёрни хабардор қилиш вазифаси сабонинг зиммасига юкланади.

Кейинги байт ғазал мулки султонини шоҳ байтларидан:

Бўлки онинг аҳди паймонида мен ўлсам, дағи,

Яхши фурсат топсанг, ул бад аҳду паймонимға айт.

Қаранг, маъшуқанинг аҳду паймони натижасида ошиқ ўлиб қолиши мумкин экан (бу ўринда муболаға санъати қўлланган). Бу қандай аҳду паймон эканки, бунинг натижасида ошиқ ўлиб қолса, деб қизиқамиз. Бу бад аҳду паймон, яъни ёмон аҳду паймон; демак, аҳду паймон яхши (хўб) ва ёмон (бад) бўлар экан. Яхшиси жон бахш этса, ёмони ўлдирар экан. Энди бад аҳду паймон натижасида ўлган ошиқнинг ҳалокати ҳақидаги хабарни сабо маъшуқасига қандай етказсин? Лирик қаҳрамон бу хабарни «бад аҳду паймони»ға яхши фурсат топиб, уни чўчитиб юбормай, аста етказишини тайинлайди. Ёрнинг жафосидан озорланиб ўлса-да, ошиқ маъшуқасини ўз вафотининг шум хабари билан озорлантиргиси йўқ. (Балки ишқи ҳақиқий деганлари шудир…) Навбатдаги байт:

Булки юз жон садқаси қилсам, пушаймон ўлмағум,

Васлиға бир ваъда қилғондин пушаймонимға айт.

Ошиқ бир эмас юзта жони бўлса, ёрининг биргина ваъдаи висоли учун садақа қилишга тайёр (биргина ваъда холос!), бераҳм маъшуқа эса ваъда бериб қўйганига пушаймон (ваъданинг ўзига пушаймон). Лирик қаҳрамон давом этади:

Даҳр боғи гулларин ҳусни вафосиз эрканин

Юзи гул, жисми суман кўйи гулистонимға айт.

Дунё гулларининг сўлиб адо бўлмайдигани йўқ, бу ҳақиқатни юзи гул, жисми суман (ёсуман ҳозирги лаҳжада  жасмин – хушбўй, чиройли ўсимлик), кўйи (кўчаси, атрофи) гулистонимга айт. Дунёнинг бевафолиги, умр ўткинчилиги, уни тўхтатиб қолиш мумкин эмаслиги ҳақиқатини баён қилиш фалсафаси ҳазрат  ғазалларида тез-тез учраб турадиган унсурлар сирасига киради. Бунинг мисоли учун «Қаро кўзум» ғазалидаги

«Ҳазон сипоҳига эй, боғбон, эмас монеъ,

Бу боғ томида гар игнадин тикон қилғил», -байтини келтирамиз.

Ҳар икки байтда ҳам бу дунё ўткинчи эканлиги, унга қарши чоранинг ўзи йўқлиги, ҳар қанча ҳаракат қилинган тақдирда ҳам бир кун бу «кўҳна работ»дан чиқиш муқаррарлиги эслатиб турилади. Бу фақатгина Навоийдагина эмас, мумтоз шеърият дарғаларининг кўпларида учраб турадиган ҳаёт ҳақиқатидир.

Эй, Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хуш наво

Булбули йўқ эрканин шоҳи            суҳандонимга айт.

Шоир: «Эй, Навоий, ҳеч гулзорнинг сендек куйлай оладиган хушхон булбули йўқ, буни «суҳандон шоҳ»га (кесатиб) айтиб қўй», -демоқчилар.

Навоий ғазалларининг даҳрий шарҳловчилари бу байтни Ҳусайн Бойқарога қарата айтилган, десалар, ғазалнинг тасаввуфга алоқадор, деб ҳисобловчи ўқувчилари суҳан – Қуръони карим, суҳандон – Ҳақ жалла ва аъло, дейдилар. Мен Алишер Навоийни Аллоҳнинг ошиқларидан бири, деб таниганим учун иккинчи тоифадигилар билан ҳамфикрман. Хулоса ўқувчиларга ҳавола. Баҳслашмаймиз.

Муҳаммаджон НИШОНОВ, фахрий педагог.