ИККИ БУЮК ШОИР

Икки буюк шоир, икки мусофир –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Сизни ўйлатмасми бу жумбоқ, бу сир,

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур…

Буни тасодифми атайин, айтинг,

Қитмир қисмат ўйни дейинми ё бир?

Кўриб қўй, Туркистон, икки шоҳ байтинг –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Жафо этганга ҳам жабр этмадик,

Гадони сийладик гоҳо, Худо бир.

Даҳоларимиз қадрига етмадик –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Ер ёнар жаҳаннам Афғонда ял-ял,

Кулранг кўрпа янглиғ булут ёнодур.

Ёнар не тиклаган бўлса бир маҳал –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Икки буюк ҳикмат, икки хуш забон,

Икки буюк дилдан йўқдир садо бир.

Биз ғанимга бежанг топширган қўрғон –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур.

Учрашишмаганди улар ҳаётда,

Ётурлар ёнма-ён икки лаҳатда.

Нима дейсиз энди, ҳаёт-ҳаёт-да –

Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур! Муҳаммад ЮСУФ.