ТОАБАД УНУТИЛМАС ХИЗМАТ

Она тилимиз тўғрисида гап борганда, ҳар бир зиёли хотирига дафъатан Мир Алишер Навоий сиймоси келиши табиий. Ҳар гал буюк мутафаккирнинг бирор асарини мутолаа қилсак, ўзбек халқи бу улуғ зотдан қанчалик қарздор эканлигини тасаввур этамиз. Ул зоти олий туркий (ўзбек) тилини якқалам даражасига олиб чиққунига қадар беҳад сабр-бардошни қандай қилиб ўз зиммасига олдийкин? -деган савол қаршисида чуқур ўйга толамиз.

Маълумки, Навоий даврида минтақамизда араб тили илм-маърифат тилига айланган эди. Бир қанча ўлкаларда форс тили расмий тил мавқеида турган. Турк (ўзбек) тилини ҳам ана шу нуфузга олиб чиқиш, уни адабий жиҳатдан тўла шакллантириш тақозо қилинарди. Туркий (қадимий ўзбек) тилида буюк адабиёт яратиш Навоий зиммасига юкланиб, унинг асосий ҳаётий иши бўлди.

Навоийнинг бутун турк улуси ва айниқса, ўзбек халқи олдидаги тенгсиз хизматларини унинг замондошлариёқ тан олганлар. Жумладан, буюк давлат арбоби ва адиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур туркийда Навоийнинг барча туркий шоирлардан «кўп ва хўб» ёзган шоир сифатида таърифлайди ҳамда Навоий асарлари тили билан Фарғона эли тили орасида фарқ йўқлигини алоҳида қайд қилиб ўтади.

«Бобурнома»дан: «Бир андижондурким, васатта воқеъ бўлубдур. Фарғона вилоятининг пойтахтидур… Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била ростдур. Анинг учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти, бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибдур, бу тил биладур».

Бу матндаги «қалам» калимасининг қисқа изоҳига эҳтиёж сезилади. Аввало, Навоийнинг ўзидан бир байт келтирайлик:

Турк назмида чу тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

Икки буюк даҳо «қалам» сўзини  давлат тили маъносида қўллашмоқдаки, бунда қандайдир узвий руҳият борлиги аён бўлади.

Туркий тилнинг лисоний, адабий ва маданий ривожида Темур ва темурий ҳукмдорларнинг кўрсатган хизматлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлганлигини унутмаслигимиз керак. Навоий Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти, фаолиятига, унинг сиймосига жуда юксак баҳо беради. «Темурбек наслидин» деган ибора Навоий тилида энг суюкли мақтов эди. «Соҳибқирон Темур Кўрагон замонидин фарзанди халафи Шоҳруҳ султон замонининг охиригача турк тили била шуаро пайдо бўлдилар», -деб  ёзади Навоий. Кўринадики, темурийлар салтанатидаги туркий лафз, лисоний ва адабий муҳит ўзбек тили ривожига жиддий таъсир кўрсатган, жумладан, Навоийнинг мислсиз ижодий муваффақиятларини таъминлаган.

«Лисонут-тайр»дан:

Чун кичик ёштин манга бўлди насиб,

Назм адосида хаёлоти ғариб.

Шеър ҳар синфинки қилдим ибтидо,

Турк алфози била топди адо.

Бунда Навоий шеърият оламига кириши биланоқ, ўз асарларини туркийда ёза бошлаганини таъкидламоқда. Ваҳоланки, ўша замонда кўпчилик қалам аҳли ўртасида шеърни фақат форсча ёзиш одат  бўлганди. У қадимий одатдан чекиниш учун нақадар зўр журъат ва матонат зарурлигини англарди. Турк – қадимги ўзбек тили бойликлари ҳали ҳаммадан  яширин қолиб келаётгани уни улуғ жасорат йўлларига тинимсиз ундади.

«Хамса»дан:

Мен ул менки то турк бедодидур,

Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Ҳазрат Навоий ўз тақдирига нақадар машаққат ва заҳматлар ёзилган бўлмасин, туркий лафзни сарбаланд давлат тили даражасига олиб чиқишда на толиби илмлик даврида, на умрининг сўнгги кунларида заррача чекинмайди. Бу унинг асарларида ўз инъикосини топган.

Навоий ўзбек тилида улуғвор адабиёт яратган бўлса ҳам, унинг миллий тил ва адабиёт учун кураши ўша давр зиёлиларининг кўпчилиги томонидан қадрланмади. Ҳазрат Навоий энди ўз ижодий қаҳрамонлигининг аҳамиятини назарий жиҳатдан асослашга ва келажак адибларга туркий тил ва адабиёт учун курашни давом эттиришни васият қилиб қолдиришга азму қарор қилади. 1499 йил-нинг декабрида тугал-ланган «Муҳокаматул-луғатайн» («Икки тил ҳақида муҳокама»)ни ана шу мақсадда яратади.

Истардимки, миллий тилимиз ҳамиша Навоий улуғлагандек улуғланса, ота-она фарзандини эъзозлагандек эъзозланса, тилимиз фасоҳатига гард юқмаса, тоабад якқаламлигига путур етмаса. Шундагина ўзлигимизни асраб-авайлаган бўламиз.

Муҳаммадисмоил СОБИРОВ, филология фанлари номзоди (марҳум).