КУЮНЧАК РАИС

ЎзХДП туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссияси раиси Акрамжон Абдуғаппаров янги иш бошлаган депутатлар фаолияти ҳақида тўхталиб, 2-Зиёкор сайлов округидан депутат Умархон Отабоев ҳақида илиқ фикрларни билдирди: «Умархон ёш, изланувчан, ташаббускор депутатлардан. У ўз округи ҳудудида кўплаб ибратли ишларни амалга ошириб, бошқаларга ҳам намуна бўляпти. Кунлик қилаётган ишидан биз доим хабардормиз. Ижтимоий тармоқларда ҳам фаол. Энг муҳими, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайди. Бошқаларни ҳам ўз ортидан эргаштира олади. Шу депутатимиз фаолияти билан яқиндан танишсак, нима дейсиз?» деб қолди. Албатта, мен ҳам рози бўлдим. Дўстлик МФЙга қараб йўл олдик. Маҳалла идорасига етиб келсак, бир гуруҳ болалар қўлида китоб билан чиқиб келди. «Мактаб ўқувчилари нима қиляпти бу ерда?» -деган саволимга маҳалла фаоли Каримахон Қосимова: «Улар маҳалла кутубхонасига аъзо. Янги китобларни олиб кетишяпти», -дея жавоб қайтарди. Тўғри кутубхонага қараб йўл олдик. Мўъжазгина кутубхонада 500 га яқин китоб бор экан. 4, 8, 9-мактаблар ўқувчилари кутубхонага аъзо бўлишибди. Бундан биз ҳам қувондик.

Икки ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган «Дўстлик»нинг бугунги ҳаёти билан танишишни бошладик.

-2014 йилдан буён маҳалла тизимида ишлайман, -дейди МФЙ раиси Умархон Отабоев. -Ишни Зиёкор МФЙда посбонликдан бошлаганман. Учинчи йилдирки, Дўстлик МФЙ раисиман. Ўтган йили ҳамюртларимиз менга ишонч билдириб, туман Кенгаши депутати этиб сайлашди. Бу ишонч ортида катта масъулият борлигини яхши ҳис қиламан. Уни оқлаш учун шижоат кўрсатиб ишлаш керак. Анчадан бери тўпланиб қолган муаммоларимиз бор эди. Муаммоларни ҳал этиш учун фаоллар билан биргаликда ҳаракат қиляпмиз. Дастлаб бир гектар жойни эгаллаган «Дўстлик» қабристонида ободонлаштириш ишларини амалга оширдик. Ҳудудимизда 6 та кўча бўлиб, нотекис йўлларни равон ҳолатга келтиряпмиз. «Шимолий Фарғона канали», «Бахтли авлод», «Маърифат» кўчаларидаги 3 километр йўл шағаллаштирилди. Дўстлик, Зиёкор МФЙларидаги 5 та кўчада яшовчи 307 та хўжаликда тоза ичимлик суви муаммоси бор эди. 5 километр масофага сув тортилиб, бу муаммо ҳам ечилди. Бунда бизга Баҳодир Қозираҳимов, Улуғбек Мирзааҳмедов, Абдулло Меҳмонов, Абдурасул Меҳмонов, Улуғбек Тиллабоев каби ҳомийлар яқиндан ёрдам беришди. Хизиробод жоме масжиди имом хатиби Шерзод Раҳимов, фаоллардан Акмалжон Мажидов ёнимизда туриб, қўллаб-қувватлашди. Эндиги навбат «Шимолий Фарғона канали», «Маърифат» кўчаларини асфальтлаш, ҳудудимизга манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазиш, яна битта кўчага сув тортиш, «Зарбоб» ва «Маърифат» кўчасига уланувчи кўприкни таъмирлашга.

Депутат ва куюнчак маҳалла раиси билан қисқа суҳбат жараёнида анчагина маълумотга эга бўлдик ва бошланган эзгу ишларни кўриб, тасаннолар айтдик. Маҳалла ҳақиқий «эга»сини топганидан қувондик ва бундай раислар сафи кенгайишини чин дилдан тиладик. Муҳаммад АЛИ.