ҲУШЁРЛИК БОЙ БЕРИЛСА…

Кесканёрлик О.Қ. ўзининг бошқарувида бўлган «Матиз» автомобилини тегишли ҳужжатлар билан Наманган-Уйчи-Учқўрғон автомобиль йўлининг 14 км.да Учқўрғон йўналишида бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмади. У «Йўл ҳаракати қоидалари»да кўрсатилган ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиш имкониятидаги хавф юзага келса, транспорт воситаси тезлигини тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриш лозимлиги тўғрисидаги талабларини қўпол равишда бузиб, ака-сингил М.Ҳ. ва М.М.ларни уриб юборди. Натижада жабрланувчилар тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.

Ушбу иш айбланувчи О.Қ.нинг жабрланувчининг қонуний вакили билан ярашиб олганлигини инобатга олиб, ишни кўриб чиқиш учун туман прокуратураси орқали тегишли суд муҳокамасига юборилди.

Р. АБДУРАҲМОНОВ, туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта суриштирувчиси, лейтенант.