БОБУР ИЖОДИДА ДЎСТЛИК ТАРАННУМИ

Халқимиз тарихидаги даҳолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур адолатли шоҳ, нозиктаъб шоир ва зукко носир бўлиши билан бирга, ўз даврининг оташин маърифатпарвар тарғиботчиси ҳам эди. Унинг ижодида дўстлик мавзуси ҳам анчайин кенг ёритилган. Шоир дўстлик ҳақида ёзганда, миллатлар, эллар дўстлиги, бирга фаолият олиб борувчилар бирлиги (жамоавий дўстлик), жанг қилаётган аскарлар елкадошлиги, оила аъзолари, қариндошлар ҳамжиҳатлиги, олим, шоир ва уламолар ҳамкорлиги, эр-хотин ўртасидаги вафодорлик каби фазилатларни тараннум этди.

Дўстликни гар тиларсен айласанг, исбот қил,

Суҳбатингга асру кўп муштоқдурмен, бот қил.

Бобур мазкур сатрларда оғиздаги сохта дўстликни эмас, балки амалдаги беғараз, чинакам дўстликни амалда исботлаш лозим, деб уқтиради ва шундай дўстга муштоқлигини баён этади.

Шоҳ Бобур барпо этган буюк империя ҳудудида турли халқлар, элатлар, уруғлар яшардики, улар ўртасидаги дўстлик, инсоний муносабатлар мамлакат тинчлиги ва ривожи учун ғоят муҳим эди. Шоир оиласи аъзолари маҳаллий халқ-ларга нисбатан ғоят дўстона ва меҳр-оқибатли бўлишини кўп бор таъкидлар ва таъминлар эди.

Бобур подшоҳ сифатида ўз элчисини Москва шаҳрига Русия ва Ҳиндистон ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатиш учун юборганлиги ҳам тарихдан маълум. Астрахань томонларда Бобур элчиси шарафи учун номланган Бобурино қишлоғи борлиги шоиримиз Э.Воҳидов асарларида учрайди.

Шоиримиз асарларида дўст сирдош ўртоқ, ёрдамчи ҳамкор, улфат, қийин дамларда елкадош, вафодор ёр, маслакдош ҳабиб сифатида талқин этилган.

Бедард ҳабиб билмади дардимни,

Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.

Мендин неча кўнгилда ғубори бўлғай,

Кетдим муна энди топмағай гардимни.

Бу рубоийда қадр топмаган жойдан, қадр қилмаган, кўнгли ғуборли, кекчи дўстдан узоқлашиш, дўстликни қадрламаган «дўст»ларни тарк этиш, яъни ҳар инсон ўз қадрини эҳтиёт этмоғи лозимлиги ҳақидаги ғоя олға сурилади.

Инсонларни, айниқса, давр ёшларини чинакам дўстлик руҳида тарбиялашда Бобур асарларининг қиммати юқоридир.

Дилфуза БОЙДЕДАЕВА, 38-мактаб ўқитувчиси.