«ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ЭЗГУ МАҚСАДЛАРИМИЗ ПОЙДЕВОРИДИР»

Ўтган ҳафта туманимизда ана шу шиор остида маънавият фестивали бўлиб ўтди

Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган фестиваль эстафетаси Янгиқўрғондан Уйчи туманига топширилган эди. Туман маънавият ва маърифат кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан ташкил этилган «Маънавият фестивали» туман ҳокимлигида «Китоб марафони» билан бошланди. Тумандаги бир қатор ташкилот, корхоналар раҳбарлари китоблар совға қилишди.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан фестиваль доирасида матбуот анжумани ташкилланди. Унда Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мунира Қаҳҳорова, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ҳабибулла Маткаримов, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусовалар сўзга чиқиб, тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида тўхталдилар ва ОАВ вакиллари, блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтардилар.

Матбуот анжумани якунида туман «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларига гувоҳномалар топширилди.

Туман маданият марказида миллий кийим-либослар кўргазмаси билан бирга «Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори» мавзусидаги ижтимоий форум ташкил этилди. Депутатлар иштирокида ЎзХДП туман кенгаши томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус бўйича кўргазмалар, ҳунармандчилик намуналари барчанинг эътиборини тортди. Шоир Жамолиддин Муслим ижодидан намуналар ўқиди. Туман маданият маркази «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчани рақсларга чорлади.

Шу куни туман аҳоли бандилигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ўтказилди. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари тиббий кўрик жараёнларини амалга оширдилар. Меҳмонлар «Обод марказ» дастури доирасида туман маданият марказида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

1-мактабда ташкил қилинган ижодкор ёшлар билан учрашув ва китоб тақдимоти тадбирлари ҳам туманда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ибратли ишлар қилинаётганлигини кўрсатди. Бу ерда Ўринбой Мўминовнинг «Ўзбекнинг одоби», Тоҳиржон Исматиллаевнинг «Ишончим оқла, болам», ёш ижодкор Лазизбек Неъматиллаевнинг «Ватанимга камарбастаман» китоблари ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган, «Уйчинома» газетаси таҳририятига ажратилган «Китобхон миллат» мав-зуидаги давлат гранти лойи-ҳаси асосида ўтказилаётган «Китобхон оила» танловининг ҳудудий босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди.

Тумандаги ҳарбий қисмда «Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси» ижроси доирасида «Мустаҳкам қўрғон соҳибалари» мавзуида тадбир ташкил этилди. Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли муассасаларда тарбияланаётган кичкинтойлар томонидан бадиий дастур намойиш қилинди. Ҳарбийлар оилаларига туман ҳокимининг «Ташаккур-нома»си ва бадиий адабиётлардан иборат совғалар топширилди.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида фестиваль якунига бағишланган йиғилиш бўлди. Унда кун давомида ўтказилган тадбирлар, жойларда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Уйчи тумани маънавият ва маърифат кенгаши республикада энг намунали туманлардан бири сифатида эътироф қилингани ҳақидаги хабар барчани қувонтирди.

Тадбир ниҳоясида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ маънавият тарғиботчиларига тадбир ташкилотчилари томонидан «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.