ОЛДИНИ ОЛГАН АФЗАЛ

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари келиб чиқмаслиги учун алоҳида аҳамиятга молик қатламни мунтазам патронаж хизмати билан қамраш, оилаларда руҳий ва ижтимоий ҳолат барқарорлигини таъминлашда тиббиёт ва ички ишлар ходимларининг ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мигрантларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидандир.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда айни шу масалалар кўриб чиқилди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари Мухторжон Бобожанов олиб борди. Туман ИИБ  бошлиғи Ғайрат Ғаниев,  туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насибахон Расулова мавзу юзасидан маърузалар  қилишди.

Йиғилишда таъкидланганидек, патронаж ҳамширалар ва шифокорлар аҳоли орасида патронаж ўтказиш давомида руҳиятида ўзгариши бор шахсни аниқлашганда, зудлик билан керакли мутахассисларни хабардор қилиши ўз жонига қасд, жиноятчиликнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, йиғилишда тумандаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдамчи муассасалари мудирлари, катта ҳамширалар ва патронаж ҳамширалар олдидаги муҳим вазифалар тушунтириб ўтилди.

******

Яқинда тиббиёт бирлашмасига қарашли 37-сонли ОП ҳудудида жойлашган Уйчи спорт коллежида Хизиробод, Эзгулик, Мустақиллик, Янгиҳаёт ва Қаҳрамон МФЙлари фуқаролари билан туман тиббиёт  бирлашмаси бошлиғи Насибахон Расулованинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Даставвал, бирлашма бошлиғи аҳолига бугунги кунда долзарб бўлиб турган коронавирус касаллиги ҳамда соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш борасида маълумотлар берди.

Шунингдек, 37-ОП мудираси Маҳмуда Олимова поликлиниканинг ўтган йил давомида олиб борган фаолияти, кўрсаткичлари ҳамда 2020 йилга мўлжалланган ишлари ҳақида маъруза қилди. Сайёр қабул давомида тиббиёт тизимига тегишли муаммо, мурожаат ва эътирозлар тингланиб, саломатлигини тиклашга ёрдам сўраган уч нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди, аҳоли томонидан берилган саволларга мутасаддилар жавоб қайтардилар.

Лобархон МАШРАПОВА, туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.