ТАЪЛИМ СИФАТИ – ФАОЛЛИКДА

Мактабимизда «Таълим сифати – фаолликда» шиори остида инглиз тили фанидан вилоят ўқув амалий семинари ўтказилди. Ундан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларга инглиз тилини ўргатишга қўлланиладиган янги методикаларни вилоят мактаблари ўртасида оммалаштиришдан иборат бўлди. Семинарга ташриф буюрган инглиз тили фани ўқитувчилари дастлаб чет тилларини ўқитишда ҳаракатдаги кўргазмали қуроллардан фойдаланиб, дарслар ташкил этиш юзасидан қилинган ишлар билан танишдилар. Шу куни инглиз тили фани ўқитувчилари томонидан очиқ дарслар ўтилди. Ҳар бир дарсда фан ўқитувчилари мавзуни ўзлаштиришда педагогик методикада фойдаланиш мумкин бўлган янги усулларни қўллашди. «What is your favorite…» мавзусида дарс ўтган Мавжуда Маҳкамова «Creative» усулини 2-синф ўқувчиларида синаб кўрди. Асли юқори синфларда фойдаланиладиган «Creative» усули орқали ўтилган машғулот, дарсни кузатаётган фан ўқитувчилари томонидан ижобий баҳоланди.

Нигора Тошхўжаева эса «Treasure Island» мавзусидаги саҳна кўринишини ташкиллаштирди. Ўқувчилар мавзуларда келтирилган асар қаҳрамонларини саҳнада гавдалантириб, уларни инглиз тилида эркин мулоқот қилишларига ёрдамлашди. Якунда мактабнинг барча инглиз тили фани ўқитувчиларини қўлланилаётган янги услублар билан ўртоқлашишда ҳамкорлик қилишга чақиришди.

Исмоил ТЎХТАМИРЗАЕВ,

2-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари,

Нафиса ҲОМИДОВА, бошланғич синф ўқитувчиси.