ТИНЧЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўлақонли тарзда бажармоғи лозим.

Жаннатмонанд юртимиз, мустақил Ўзбекистонимизнинг ҳар бир жабҳасида юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта, буларнинг негизида юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик ётади. Тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки менинг бурчим, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим.

Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гуруҳларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди.

Манбаларда: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир», -дейилган. Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: «Неъмат нима?» У: «Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётидан манфаатланганини кўрмадим», -деб жавоб берган экан.

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ, туман бош имом хатиби.