ЯНА БИР ҚУЛАЙЛИК

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартда «Спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Ушбу Регламент «Халқаро тоифали тренер» малака тоифасини беришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тренер-ўқитувчиларга қуйидаги малака тоифалари берилади:

-иккинчи тоифали тренер;

-биринчи тоифали тренер;

-олий тоифали тренер.

Йўриқчи-услубчиларга қуйидаги малака тоифалари берилади:

-иккинчи тоифали йўриқчи-услубчи;

-биринчи тоифали йўриқчи-услубчи;

-олий тоифали йўриқчи-услубчи.

Иккинчи ва биринчи тоифали тренер ҳамда иккинчи ва биринчи тоифали йўриқчи-услубчи малака тоифалари Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан берилади.

«Олий тоифали тренер» ва «Олий тоифали йўриқчи-услубчи» малака тоифалари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан берилади.

Тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчиларга берилган малака тоифалари уларга табақалаштирилган тарзда ҳақ тўлаш учун асос бўлади.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Бу мавзуда сизни қизиқтирган саволлар бўлса, марказимизга мурожаат этишингиз мумкин.

Дилбархон МИРЗАЕВА, туман Давлат хизматлари маркази мутахассиси.