ҲАЁТ МАНБАИ

Инсон ҳаётида сувнинг ўрни жуда муҳимдир. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир кунда бир киши учун 250-400 литр сув зарур бўлади. Аммо бугун республикамиз аҳолиси жон бошига бир кунда 460-800 литр сув сарфлайди.

Айни пайтда сайёрамиздаги 2,5 миллиард киши тоза ичимлик сувига муҳтожликда яшамоқда. Ҳар йили 3 миллион инсон сувликсизликдан, 6000 нафар бола эса ифлос сувни истеъмол қилаётгани сабабли вафот этмоқда. Дунё аҳолисининг 25 фоизи сув йўқ жойларда яшайди.

БМТнинг ҳисоб-китобига қараганда, 2030 йилга бориб дунё бўйича ичимлик сувига бўлган талаб ҳозиргига нисбатан бир неча юз баробарга ошади. Вазият эса шундайки, сув ҳавзаларининг ифлосланиши, атроф-муҳитнинг умумий экологияси бузилиши, айниқса, ўрмонларнинг беҳад миқдорда кўп кесилиши ичиш учун яроқли сув манбаларининг қисқариб кетишига олиб келади. Ҳозирнинг ўзида 2 миллиард нафарга яқин киши тоза ичимлик суви етишмайдиган ҳудудларда яшамоқда.

Ичимлик суви таъминоти муаммосини ҳал қилиш учун айрим мамлакатлар шимолий қутбдаги музтоғлар(айсберглар)дан фойдаланмоқда. Бундай имкониятдан фақат денгиз йўлига эга мамлакатлар фойдаланиши мумкин. Денгиз сувини ичимлик сувига айлантириш ҳам мумкин. Фақат бу усул анча қимматга тушади. Иқлимнинг исиб бориши музликларнинг эриб кетаётганлиги ҳам кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Музликлар нафақат Арктика ёки Антарктидада, балки чўққиларда ҳам камайиб бормоқда.

Ичимлик суви муаммосидан ташқари, об-ҳавонинг исиб бориши натижасида дунё океани сатҳи кўтарилиб бормоқда. Натижада кўплаб шаҳарлар, шунингдек, фойдаланиладиган қишлоқ хўжалик ерлари сув остида қолиб кетиши мумкин. Бу жараёнлар албатта, инсоният олдига яна бир қатор муаммоларни қўяди. Ана шу муаммоларни ижобий ҳал этиш, хусусан, сувдан оқилона фойдаланиш, табиатни, атроф-муҳитни асраб-авайлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилиши зарур.

Жумладан, бугун ҳар биримиз хонадонимизда, маҳалламизда, иш жойиммизда сувдан оқилона файдаланишга жиддий эътибор қаратайлик.

Шерзод УМРЗОҚОВ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси мутахассиси.