СУДЛАРДА ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ КЎРИЛИШИДА ОАВ ИШТИРОКИ

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 12-моддасида фуқаролик ишларининг кўрилишида суд муҳокамасининг ошкоралиги кўрсатиб ўтилган. Мазкур модданинг биринчи қисмига кўра барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Суд мажлиси эса очиқ ва ёпиқ тарзда ўтказилади. Хўш қандай фуқаролик ишлари ёпиқ суд мажлисида ўтказилади? Юқоридаги модданинг 2-қисмига кўра давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади. Унда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади. Бу ҳолатда ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.

Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ҳаттоки, бу тарзда ўтказилган мажлисда қабул қилинган суд ҳужжатлари гарчи қонуний кучга кирган бўлса-да суднинг расмий веб сайтида эълон қилинмайди.

Агар суд мажлиси очиқ тарзда ўтказилган бўлса ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин.

Кейинги пайтларда суд мажлисларида ОАВ иштирокига оид бир қатор баҳсли масалалар келиб чиқаётган эди. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленуми томонидан жорий йил 21 февралда суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Ундасудлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслигига алоҳида эътибор қаратилган.

Бироқ ОАВ муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмас. Ўз навбатида судья ҳам суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью бериши ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши тақиқланади.

ОАВ вакиллари эса процес (кўрилаётган иш) иштирокчиси бўлмаса-да, суд мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эга. Пленум қарорига асосан журналистларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди. Бунда суд журналистларни тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.

Бироқ, биз юқорида айтиб ўтган фуқаролик процессуал кодекснинг 12-моддаси 2-қисмидаги ёпиқ (тўлиқ ёки қисман ёпиқ) процесс ўтказилаётганда суд томонидан процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, ОАВ вакилларининг ҳам ушбу суд мажлисида қатнашишига монелик қилувчи муайян сабаб кўрсатилган асосланган ажрим чиқарилиши лозим.

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддаси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамажон Юлдашев,

Наманган шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.