АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Карантин шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес секторларига кўплаб имтиёз ва преференциялар белгиланиб келинмоқда. Жорий йилнинг 18 май куни коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш бўйича «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Фармон билан 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш ва жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш бинолари, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Бу эса пандемия вақтида иш фаолиятида даромадлари пасайган ёки умуман фаолият олиб бормаган кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, кичик тадбиркорлик субъектларига 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тақдим этилмоқда. Бу эса юқорида айтиб ўтилганидек, апрель-май ойларида ишланмаган даврда қайсидир маънода ёки қанчадир миқдорда кўриладиган фойдани бой берилганининг ўрнини қоплаб олишга бир имкониятдир.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини кўпайтириш мазкур Фармонда устувор мақсад қилиб белгиланганини бу даврда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш 2020 йил 1 октябргача тўхтатилганидан ҳам билса бўлади. Бу каби субъектлар республика ёки вилоят миқёсида олиб кўрса ҳам катта рақамларни ташкил қилади.

Шунингдек, Фармонга кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилади. Яъни, бу ерда нафақа суммаси эмас, балки уни олувчилар сони кўпайтирил-моқда.

Расулжон БОБОЖОНОВ,

Наманган шаҳар прокурорининг ёрдамчиси,

Абдураҳим ҲАКИМОВ, туман прокуратураси терговчиси.