БОЛА ТАРБИЯСИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Мактаб остонасига илк қадам қўйган болаларнинг қувончи оламжаҳон бўлади. Уларнинг шодон юзларига боққан муаллим турли оилада турлича тарбияланаётган бу жажжилар ҳақида: «Мен бу болажонларнинг оилада, боғчада олган тарбияларини давом эттириб, келажакда Ватанга, халққа, оиласига муҳаббат руҳида тарбиялашим лозим», -деб ўйлайди. Бу эса ўз-ўзидан устоз зиммасига улкан масъулият юклайди. Чунки тўрт хил темпераментдаги, турфа характердаги бу болалардан аҳил жамоа ясаш, уларни маърифат сари йўллаш, маънавиятини шакллантириш осон иш эмас.

Худди шу пайтда баъзи ота-оналар фарзанди ҳақида, унинг келажаги ҳақида ширин орзулар оғушида хаёл сурса, айримлари хаёлидан: «Боламни мактабга бердим, ўқитувчига топширдим, унинг тарбиясига энди мактаб жавоб беради», -деган фикрлар кечади. Бундай ҳолат собиқ тузумдан қолган бўлиб, ҳануз давом этмоқда.

Бугун тузум бошқа, замон ўзгача, одамлар тафаккури ўзгармоқда. Қолаверса, муҳтарам Юртбошимиз, ҳукуматимиз таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялаш, улардан жаҳон андозасидаги рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш учун зарур бўлган барча шароитларни яратиб бермоқдалар.

Педагогларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, таълим масканлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бола тарбиясидаги ота-оналар ва жамоатчилик масъулиятини орттириш, оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлигини қатъий йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган сиёсат фикримизнинг далилидир.

Мушоҳада қиладиган бўлсак, мактабда таълим олаётган ёшлар келгусида жамият бошқарувига, юрт равнақига, халқ фаровонлигига  зарур бўладиган илму ҳунар соҳиби бўлиб етишадилар. Демак, уларни тарбиялаш, маънавиятли, маърифатли қилиш, қисқаси, келажаги буюк юртнинг чинакам вориси этиб етиштиришга бутун жамиятнинг, умумхалқнинг иши, деб қарамоқ лозим. Касб-кори, мавқеи, мансабидан қатъи назар, ҳеч ким ёшлар тарбиясидан ўзини четга олиши мумкин эмас.

Юлдузхон ДУЛЛОНОВА,

Одина ТУРСУНОВА, 7-мактаб ўқитувчилари.