ЗАМОН БИЛАН ҲАМҚАДАМ

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини малакали ҳимоя қилишда юзага келган муаммоларни ҳал этишда юридик маълумотга эга бўлган мутахассис хизматига эҳтиёж туғилади. «Адвокат» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, у суд ишлари бўйича ишончли вакил, судда ҳимоячи ҳамда бирор шахсни ёхуд бирор нарсани ёзма ёки оғзаки равишда ҳимоя қилувчи шахс, деган маънони билдиради.

1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Адвокатура тўғрисида»ги Қонун адвокатура олдида турган вазифаларни белгилаб берди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ адвокатура Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган жисмоний шахсларга, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларга, умуман олганда, жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

Адвокатура томонидан қуйидаги ёрдам турлари кўрсатиш мумкин: ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар, тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, судда, бошқа давлат органларида жисмоний ва юридик шахслар олдида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ва судда ҳимоячи, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгарнинг ҳимоячиси сифатида иштирок этиш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш каби фаолият турларидан иборат. Бундан ташқари, адвокат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа юридик ёрдам турларини кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида адвокатура тизимида ўтган 10 йил давомида сезиларли ўзгариш ва ривожланишлар кўринади. Жумладан, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, одил судлов стандартларига риоя этилиши, малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Адвокатуранинг истиқболлари янада кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси делегацияси 2016 йил 4-5 ноябрь кунлари Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган 11-Қозоғистон адвокатлар Форумида иштирок этди. Форумда адвокатлик фаолиятининг қонун устуворлиги стандартлари жиҳатидан таъминланиши, малакали юридик ёрдам ҳуқуқи кафолатларини ривожлантириш ва адвокатура фаолиятини ташкил этиш, Марказий Осиё мамлакатларида адвокатура институтининг бугунги ҳолати ва истиқболлари каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 2017 йил 18 октябрда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш» Дастури, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси ҳамкорлигида «Адвокатура институтини ривожлантириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларнинг кўриб чиқилишида адвокатнинг ролини ошириш: Германия ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тилобат АБДУРАҲИМОВА, адвокат.