ОИЛА – МУҚАДДАС

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминлаб берувчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин ўзлари учун белгилаб берилган бурч ва вазифаларни гўзал тарзда адо этиб боришлари лозим.

Эрнинг ўз хотини олдида ижтимоий, молиявий ва жисмоний вазифалари бор. Бу бурч ва мажбуриятлар шариатимизнинг асосий манбаи бўлмиш Қуръони карим ва Суннати набавияда батафсил ёритиб берилган. Қуйида эр ва хотинга тегишли бўлган айрим мажбурият ва вазифаларни зикр қилиб ўтамиз.

Аллоҳ азза ва жалла ўзининг каломида эр зотига амр этиб:

«…улар билан тинч, тотув турмуш кечиринглар…» -дейди. (Нисо-19).

Дарҳақиқат, ислом шариати ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади.

Бу борада ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) умматга катта намуна ва ибрат мактаби бўлганлар.

Ул зоти муборак марҳамат қилиб: «Сизларнинг ичингиздаги энг яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан гўзал муомалада бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан ҳам кўра яхши муносабатдадирман», -дедилар.

Маълумки, ожиз бандаси айбу нуқсондан холи эмас. Ана шундай вазиятда ҳам умматнинг қандай йўл тутишини, оиладаги тинчлик-тотувликнинг бардавомлигини таъминлаш учун Расулуллоҳ (САВ) ўзларини чиройли насиҳатларини, тавсияларини берганлар. Абу Ҳурайра (РА)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтиладики: «Ҳеч бир мўмин ҳеч бир мўминани ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ-атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа бир хулқини ёқтириши мумкин», -дейилган.

Шариат эркакни оила раҳбаридек шарафга кўтарар экан, унинг гарданида катта масъулият борлиги маълум бўлади.

Бу борада саҳобалар Расулуллоҳ (САВ)дан: «Ё, Расулуллоҳ, ҳар биримизнинг устимизда хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат?» -деб сўрашди. Шунда У зоти шариф: «Ўзинг еганингда едирмоқлигинг, кийганингда кийдирмоқлигинг, юзига урмаслигинг, ёмон сўзлар билан ҳақоратламаслигинг ва борди-ю уришиб қолсанг, фақатгина уйингни ичкарисида гаплашмай юришлигинг», -деб жавоб бердилар.

Оила тинч бўлиши учун хотин ҳам ўз эри олдидаги бурчларини адо этмоқлиги керак бўлади.

Бу борада ҳам Расулуллоҳ (САВ) аёлларга олтин қоидани тавсия қилганлар. Жумладан: «Қайси бир аёл беш вақт намозини муҳофаза қилиб, Рамазон рўзасини тутиб, иффатини сақлаб ва эрига итоат этиб, дунёдан ўтадиган бўлса, жаннат эшикларининг хоҳлаганидан киради», -деб марҳамат қилганлар.

Шундай кўрсатма ва мажбуриятларга амал қилиш эр ҳам, хотин ҳам бир-бирларига тегишли бўлган яқинларининг иззату ҳурматларини жойига қўйишса, оилалари бундан-да тинч, осуда ҳамда инсонлар ўрнак оладиган, ҳавас қиладиган оила бўлиши, шубҳасиз.

Яратган Роббимиз ўзига бандачиликни адо қилиш билан бирга, эркак зотига эрлик ва аёл зотига аёллик вазифасини гўзал тарзда адо этишни, дунёда бахтиёр оила, охиратда эса юзи ёруғ бандалар қаторида бўлишдек бахтни барча уммати Муҳаммад (САВ) қаторида ҳаммамизга насиб қилсин!

Комилжон ОТАМИРЗАЕВ, «Даҳиякота» жоме масжиди имом хатиби.