«ТОПГАНИНГИЗГА БАРАКА БЕРСИН»

Қумтепа МФЙда яшовчи Гулчеҳра Эсонова «Водий ипак гилами» МЧЖ қўшма корхонасининг гилам тўқиш цехида ишлайди. Пандемия сабабли февраль ойидан буён фаолиятини яшаш хонадонида давом эттирмоқда. Турмуш ўртоғи Исмоилжон ҳам ҳунарманд. Наманган шаҳридаги хусусий боғда ишлаб, сават тўқийди. Меҳнатига яраша даромад топади.

Оила тадбиркорликка берилаётган эътибор ва кўмакдан фойдаланиб, 0,1 сотихли иссиқхона барпо этиш учун Ипотека банкига мурожаат қилди. Айни чоғда оиланинг қизи Муқаддас гиламдўзлик сир-асрорларини онасидан қунт билан ўрганиб, мустақил гилам тўқимоқда. Улар ишсиз ўтирган қўшнининг келини Дурдона Нишоновани ҳам шогирдликка олиб, сафларига қўшишди. Ўғиллари Исроилжон эса отаси билан басма-басга сават тўқияпти. Оиланинг олиб бораётган ишларини кўриб туриб, беихтиёр: «Асло ҳорманглар, топганларингга барака берсин», -деб юборасан киши.

Маҳалланинг «Андижон» кўчасида яшовчи Дилафрўз Усмонова, Зумрадхон Эгамова, Ойбек Шокиров, Ҳамидулло Солиевлар эса хонадонларида етиштирилган пилладан мўл  ҳосил олишди.

Раънохон НАЗАРОВА, туман Кенгаши депутати.