ОИЛА – ТАРБИЯ МАСКАНИ

Инсоннинг маънавий жиҳатдан камол топишида оила муҳим роль ўйнайди. Ҳар бир инсон ўз фарзандининг бахту саодати, фазлу камолини кўриш учун бутун ҳаёти давомида курашади, меҳнат қилади ва ўзини аямайди.

Аллоҳ инсон зотини яратибдики, унга ҳаёт деб аталмиш бебаҳо неъматни тортиқ қилди. Унинг бахтини янада тўкис бўлиши учун эса фарзанд деб аталмиш яна бир туҳфани ҳадя этди. Эр-хотин ўртасидаги никоҳ фарзанд туфайли янада мустаҳкамланди. Натижада оила, деб аталмиш муқаддас қўрғон вужудга келди.

Маълумки, халқимизда оила ва қариндошлик муносабатлари маънавий қадриятларнинг муҳим манбаи саналади. Катталарни ҳурмат қилиш, ўзаро ёрдамлашиш, келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш ҳамиша унинг асосий қоидалари бўлиб келган.

Бу ҳол ахлоқий муносабатларда ўз ифодасини топади. Ахлоқий тарбияда энг муҳим воситалар боланинг нафсониятига, ғурурига тегмаган ҳолда, яккама-якка суҳбатда бўлиш, унга насиҳат қилишдир.

Буюк алломалар оила хусусида қуйидаги фикрларни билдира-дилар:

Ибн Сино болада ахлоқий хусусиятларни меҳнат, жисмоний, ақлий тарбия билан узвий бирликда шакллантиришни, уни инсон қилиб камол топтиришда асосий омил, деб ҳисоблайди.

Юсуф Хос Хожиб «Ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи керак. Бунинг учун у туғилган кундан бошлаб зарур тарбияни олмоғи лозим».

Албатта, бу гапларнинг нақадар тўғри эканлигини бугунги кун жамияти ҳам исботлаб турибди. Фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт. Шундагина уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларга берилишининг олди олинган бўлади. Оила ижтимоий ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини, тарбиянинг узлуксизлигини таъминлайдиган, келажак насл қандай бўлиб етишишига ўз таъсирини кўрсатадиган ижтимоий макон ва педагогик омил вазифасини ўтайди. Оила – муҳаббат, ҳурмат, биродарлик ва меҳрибонлик манбаи. Айнан шу қадриятларга ҳар бир ривожланган жамият суянади.

Зулайҳо АТАХАНОВА, туман ФҲДЁ бўлими мудири, вилоят Кенгаши депутати.