ТАҲРИРИЯТ ҚОШИДА КУТУБХОНА

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Китобхон миллат» мавзуидаги давлат гранти лойиҳаси доирасида «Уйчинома» газетаси таҳририяти томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Салкам ўн ой давомида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, “Китобхон оила” танлови туманда китобхонликни ривожлантириш, оилавий китобхонлар сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа доирасидаги яна бир тадбирлардан бири кутубхона фаолиятини йўлга қўйиш эди. Таҳририят қошида ташкил этилган ахборот кутубхона марказига грант маблағи асосида 5 миллион сўмлик бадиий адабиётлар келтирилди. Шунингдек, бу ерда мутолаа учун шароитлар яратилди.

-Туманимизда мана шундай мўъжазгина кутубхона ташкил этилганидан мамнунмиз, -дейди китобхон ўқувчилардан Лазизбек Неъматиллаев. –Мен таҳририятга тез-тез келиб тураман. Уйимиздаги кутубхонада йўқ янги бадиий адабиётлар бу  ерда бор экан. Бундан жудаям хурсанд бўлдим.

Таҳририят қошида ташкил этилган кутубхона туман аҳолисига хизмат кўрсатиши барчани қувонтирди. Умиджон СУЛТОНОВ.