УСТАМА ҲАҚИ УНДИРИЛДИ

Бўлимимиз томонидан фуқаро С.Ботиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган)нинг ойлик иш ҳақига 15 фоизлик қўшимча тўлов пулини тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, мурожаат муаллифи тасдиқланган штатлар жадвалига асосан, туман санитария эпидемиология осойишталик марказининг эпидемиологик мониторинг ва профилактика тадбирларини ташкил этиш бўлими санитария врачи ёрдамчиси вазифасида фаолият юритиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрь кунидаги «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 276-сонли қарорига мувофиқ, соғлиги учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта хавфли лавозим маошига 15 фоиз қўшимча устама тўлов берилмаганлиги ҳолати аниқланди.

Ваҳоланки, мазкур қарорга мувофиқ врач-эпидемиологлар, энтомологлар, паразитологлар, санитария врачлари ёрдамчилари, электромагнит майдонлари лабораториялари техниклари ва лаборантлари вазифаларига соғлиги учун хавфли ва меҳнат шароитлари оғир бўлганлиги сабабли лавозимларнинг тариф ставкасига (лавозим маошига) 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлов белгиланган бўлиб, ушбу талабларга риоя қилинмаган.

Ушбу қонун бузилиши ҳолатини баратараф этиш ҳамда келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик бўйича марказга тақдимнома киритилди. Мазкур киритилган тақдимнома асосида мурожаат муаллифига январь – май ойлари учун жами 1252345 (бир миллион икки юз эллик икки минг уч юз қирқ беш) сўм миқдоридаги қўшимча тўловлар ҳисоб-китоб қилиниб, мурожаат қаноатлантирилди.

Бу каби қонун бузилиши ҳолатларини баратараф этиш, жамиятимизда халқни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва даромадларининг давлат томонидан кафолатланишини мустаҳкамлаш бизнинг асосий вазифамиздан биридир. 

Абдурасул ТЎЙЧИБОЕВ, туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.