ФАҚАТ ТЕГИШЛИ ОРГАННИНГ ИШИ ЭМАС

Коррупциянинг олдини олиш – мураккаб жараён. Бунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки кенг жамоатчиликнинг иштироки зарур бўлади. «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда фуқароларнинг олдига ҳам муҳим талаблар қўйилган.

Дунё экспертлари бу иллат хавф солиб турган энг йирик соҳаларни аниқлашган. Уларнинг фикрича, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик йўналишида бу жиноятга қўл урувчилар нисбатан кўпроқ. Ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги таъмагирликка йўл очувчи бирламчи сабаб сифатида қараляпти.

Чиндан ҳам, сўнгги пайтларда давлат органлари ходимларининг мансаб-мавқеидан фойдаланиб, пора билан қўлга тушаётгани учраб турибди. Бунга дунё миқёсида гувоҳ бўляпмиз. Қонунчилигимизда мавжуд ҳолатни келтириб чиқарувчи омиллар санаб ўтилади.

Дейлик, бошқарув ходимларини танлаш, саралаб олишда маълум талаблар ҳисобга олиниши зарур. Номзоднинг шахсий ва касбий сифатларига эътибор бериш талаб этилади. Танлов жараёни очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принципида ўтиши керак. Мансабдор шахсларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, рағбатлантириш таъмагирликни чеклайди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли учун адолатли шарт-шароитларни яратиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифа.

Қонуннинг 21-моддаси «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар», деб номланади. Бу нима дегани?

Сир эмаски, давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида шахсий манфаатларга тўқнаш келади. Бундай таниш-билишчилик мудҳиш жиноятга йўл очувчи оддий сабабдир. Қонунчиликда унинг олдини олиш учун давлат дастури ишлаб чиқилган. Мониторинг таҳлиллари олиб борилмоқда.

Қолаверса, Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишлаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон БМТнинг «Коррупцияга қарши конвенция»сини ёқлайди.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилинганига ҳам бир неча йил бўляпти. Аммо уни амалиётга татбиқ этишда айрим камчиликлар учраётгани сир эмас. Яъни, жиноятга қарши курашиш фақат тегишли органнинг иши бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, бунда аҳолининг иштироки ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Улуғбек НОМОНОВ, туман прокурори.