ЁЛҒОН АХБОРОТ БЕРМАНГ

Бугун ёлғончиликнинг замонавий кўриниши пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумот тарқатиш, бўҳтон ва уйдирма тўқиш, фитна қўзғаш одатий ҳолга айланиб бораётгани хатарли.

Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасининг 6-оятида шундай дейди: «Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!»

Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом: «Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир», -деганлар.

Хўш, ёлғон ахборот қандай ёмон оқибатга олиб келади?

Шариатимизга кўра, мусулмоннинг обрўсини тўкиш худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби ҳаром иш ҳисобланади.

Муҳаммад (САВ)дан келган ривоятда шундай нақл қилинади: «Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашарди. «Эй, Жаброил, булар кимлар? -деб сўрадим». «Одамларнинг гўштини еб (яъни, уларни ғийбат қилиб), обрўсини тўккан кимсалардир, -деди».

Инкор этмаймиз, илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида хизмат қилаётган онлайн нашрлар, саҳифалар ҳам кўп. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларнинг веб-саҳифалари орқали халқимиз ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотлар етказилмоқда.

Бироқ ҳар нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқяпти.

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар бу имкониятдан фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, уруш оловини ёқишга уринишяпти. Бунга маълум маънода эришмоқдалар ҳам.

Яқин тарихимизда «Араб баҳори» деб ном олган Шарқ давлатларидаги инқилоб ва зиддиятларни эслайлик. Аслида фитна уюштириш, адоват уруғини сочиш динимизда оғир жиноят ҳисобланади. «Бақара» сурасининг 217-оятида «Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…», деб қайд этилгани бежиз эмас.

Демак, замонавий қурилмалар, имкониятлардан оқилона фойдалансак, ёшларнинг ақлан ва руҳан тўғри тарбия олиши, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳушёр турсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Акрамжон КАМОЛИДДИНОВ, «Қамбарбойвачча» жоме масжиди имом ноиби.