КАДРПАРВАР РАҲБАРЛАР

Ҳаёт йўлларимда менга шундай бағрикенг, меҳрибон, билимли, мард, маърифатли устозлар учрадиларки, улардан олган сабоқларим туфайли ҳеч ерда қоқилмадим, юзим шувут бўлмади, вазифамни талаб даражасида адо этдим ва ҳамон эл орасида, эл хизматидаман.

Қуйида бугунги раҳбарлар ва ёш кадрларга ибрат бўлсин, деган мақсадда менга ғамхўрлик қилган айрим яхшилардан сўз очмоқни лозим топдим. Таъкидлаш жоизки, бу инсонлар «роҳи рост»га бошлаган мен кабиларнинг саноғи йўқ.

НАБИЖОН АБДУЛЛАЕВ

Бу инсоннинг эл-юртга қилган фидокорона меҳнатлари ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин. Мен Набижон  аканинг ёш мутахассисларнинг келажаги учун нақадар ғамхўрлиги ҳақида айтмоқчиман.

1979 йил. Колхозга янги ишга ўтганман. Пахта терими ғоят қизиган палла. Мен 1-бригадага  колхоз бошқаруви вакили этиб тайинланганман. 5 кунлик терим якуни йиғилишида раис Набижон ака мендан терим натижасини сўрадилар. Мен ёддан айтиб бердим. Кечаги, ундан олдинги, хуллас, беш кунликни сўрадилар. Ҳаммасини ёддан айтиб бердим. Шунда у киши:

-Домла, хотирангиз қанча кучли бўлса ҳам  дафтарча тутиб олинг, -дедилар.

Мен ёш, ғўр бўлганим учун:

-Эсимдан чиқадиган бўлса, тутиб оламан, -дедим. Раис бироз аччиқланиб, койидилар.

Йиғилиш тугагач, мени ошхонага чақирдилар. У ерга ҳали ҳеч кирмагандим. Кирдим. Бирга овқатланишни таклиф қилдилар. Таомдан сўнг менга юзланиб:

-Домла, колхозда мингдан ортиқ одам ишлайди. Олий маълумотлилар 8 киши, холос. Шу 8 кишидан қолганлар ибрат олади. Сиз дафтарча тутсангиз, қолган ҳамма тутади. Мен раҳбарман. Қўл остимдаги ёш мутахассис мен билан баҳслашса, одамлар нима дейди? -дедилар. Ўша ондан  ҳозиргача қанча раҳбар билан ишлаган бўлсам, Набижон аканинг ўгитлари  диққат марказимда турган. Уларга амал қилиб, кам бўлмадим.

Охиратлари обод бўлсин.

ЭРКИНБОЙ АҲМЕДОВ

80-йилларнинг охири. Колхозда раис муовиниман. Одамларга ер участкаси бериш комиссиясига бошман. Участкалар адолат тамойиллари асосида муҳтожларга бериляпган. Табиийки, олғирлар кўпроқ олиш илинжида менга турли ваъдалар қиладилар. Аммо қинғир ишга қўл урмадим. Шунда улар менинг «порахўр»лигим ҳақида райкомга  хат ташладилар. Бюро йиғилишида 2-котиб хатни ўқиб берди. Унда мен пора берганларга ер бериб, оддий колхозчиларга бермаётганим ёзилган эди. Хат муаллифи номаълум, айтилмади. Котиб прокурорга текшириб, мени қамоққа олишни, газета муҳарририга мен ҳақимда фельетон ёзишни буюрди.

Мен бу бўҳтонлигини айтмоқчи бўлиб, ўрнимдан қўзғалган эдим, кимдир орқадан тирсагимдан тортиб ўрнимга ўтқазиб қўйди. Қарасам, Эркинбой ака Аҳмедов (Жийдакапада колхоз раиси эдимлар).

-Қаерга кетяпсан? -дедилар шивирлаб.

-Айтилган гапларга жавоб бериб қўяй, -дедим.

-Олганмисан? -дедилар.

-Ўн тийин ҳам олмаганман, -дедим.

-Унда қўрқма, ҳеч нарса қилолмайди. Аммо ҳозир «ғиринг» десанг, ўн битта бюро аъзоси сени ғажиб ташлайди, гапирма, -дедилар.

Йиғилиш тугади, беш-ўн кундан сўнг «Туҳмат хат» колхоз партия қўмитасида кўриладиган бўлди. Мен, аввало, хатни кўрсатишларини, сўнг хат муаллифини йиғилишга чақирилишини талаб қилдим. Йиғилиш ўтказилмади. Ажойиб, дилкаш, мард инсон Эркинбой ака туфайли ноҳақ бадном бўлишдан қутилиб қолганман.

Умрлари зиёда бўлсин! Ўринбой МЎМИНОВ.