СОҒЛОМ ТУРМУШ МАДАНИЯТИГА ЭРИШАЙЛИК

Саранжом-саришталик ва покизаликда ҳикмат кўп. Буни аждодларимиз чуқур англашган. Халқимиз орасталиги, батартиблиги билан ўзга халқларни қойил қолдирган. Негаки кишиларимиз азал-азалдан турмушнинг гўзаллиги, оиланинг файзу баракаси, дастурхоннинг тўкинлиги фақат покизалик туфайли, деб билганлар.

Соғлом яшаб, осойишта турмуш кечириш, покизаликни сақлашнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Бунинг учун қуйидаги шартларга риоя этсак, кифоя.

Ҳовлини ўзингиз учун қулай ва мос қилиб жиҳозланг. Замонавий кўринишда бўлса, янада яхши. Демак, яшаш хоналари, ошхона, тандирхона, молхона, товуқхона ва ҳожатхоналарни қуришда, таъмирлашда  қурилиш  мутахассислари билан бамаслаҳат иш тутганингиз мақсадга мувофиқ.

Ота-боболаримиз ҳовлида махсус ўра қазиб, ҳар кунги чиқиндиларни кўмганлар, ҳатто кир ювгач, чиқинди сувларни ҳам кир ўрага тўкишган. Ана шу оқилона тажрибани бугунги кунимизда ҳам қўлласак, айни муддао бўлади.

Ювиниш жойлари ҳовлининг бир чеккасида бўлгани маъқул. Ҳар бир оила аъзосига алоҳида совун ва сочиқ қўйинг. Ичимлик сувларини усти ёпиқ ҳолатда, тоза идишларда сақланг.

Уй жониворлари (мол, қўй, эчки, ит, мушук ва.б.) ни тез-тез ветеринар шифокор кўригидан ўтказиб туринг. Айниқса, ҳовли ва кўчалар уларнинг ахлатлари билан ифлосланмаслигига жиддий эътибор қаратинг.

Чорва молларидан ҳосил бўладиган гўнгни махсус жойларда тўплаб, сўнг улардан маҳаллий ўғит сифатида фойдаланиш учун фермер хўжаликларига топширишни йўлга қўйсангиз, бу оқилона ишингиз билан сиз хонадонингиз тозалигига эришибгина қолмасдан, балки халқимиз ризқ-рўзининг мўл-кўл бўлишига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Фарзандларингизни озода ва бартартиб яшашга ўргатинг. Шахсий тозаликка амал қилиш барча юқумли касалликларнинг олдини олиши мумкинлигини уларга қайта-қайта тушунтиринг.

Азизлар! Юқоридаги тартиб-қоидаларга изчил амал қилиш орқали Сиз оилангизда соғлом муҳит яратасиз ва хонадонингиз аъзоларини барча хавфли ва юқумли касалликлардан ҳимоялаган бўласиз.

«Бирники-мингга, мингники – туманга», -деган қадимий мақол бор. Бунинг маъноси шуки, битта оиланинг орасталиги ва турмушининг гўзаллиги бошқа хонадонларга ҳам ибрат бўлади. Зеро, орасталик – соғлом яшаш дегани. Бу ҳикматни ҳеч биримиз ёддан чиқармайлик! Туман СЭОМнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими.