СУВДА ЧЎКИБ КЕТИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА БИРИНЧИ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

Чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун, авваламбор, чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Бунинг учун, биринчи навбатда об-ҳаво қуёшли, ҳаво ҳарорати +20-25 С, сув ҳарорати +17-19 С дан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади. Қорин оч бўлганда, чарчаганда, чанқаган пайтда, яқинда беморликдан турганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, ёлғиз бўлганда ва офтоб уриш ҳолларида чўмилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, тақиқланган жойларда чўмилиш, катер ва қайиқларга яқин сузиб бориш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, чегараланган белгилардан ташқарига чиқиш, кўприк, дамба ва кемалардан сувга сакраш, нотаниш жойларга шўнғиш керакмас.

Сувда чўкаётган одамни қутқариш учун қутқарув анжомлари ва қайиқлардан фойдаланилади. Улар бўлмаганда эса чўкаётган одамни қутқаришда хавфсизлик чораларини билиш талаб этилади. Агар чўкаётган одам ҳушини йўқотган бўлса, уни сувдан олиб чиқиш анча қулай бўлади. Лекин ҳушини йўқотмаган одамни қутқариш қутқарувчига ҳам катта хавф туғдиради. Чунки чўкаётган одам саросима ва ваҳимага тушган ҳолда қутқарувчига қаттиқ ёпишиши, уни ҳам сув остига тортиб кетиши мумкин. Шунинг учун чўкаётган одамнинг чангалидан чиқиш ва буксировка қилиш усулларини ҳам ўрганиш лозим.

Ўлим ҳолати фақатгина сувда эмас, балки жабрланувчи сувдан олиб чиқилгандан сўнг ҳам кузатилиши мумкин. Жонлантириш тадбирларининг  ижобий натижаси уларнинг тўғри ва ўз вақтида кўрсатилишига боғлиқ. Шунинг учун ушбу тадбирларни қирғоққа олиб чиқилгандан кейин эмас, жабрланувчини сувда буксировка қилган пайтданоқ бошлаш лозим. Чунки ушбу пайтда амалга оширилган бир неча сунъий нафас олдириш ҳам жабрланувчи соғлиғи тикланишини тезлаштиради. Жабрланувчига мукаммал биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қирғоққа олиб чиқилгандан кейин амалга оширилади. Агар жабрланувчи ҳушидан кетмаган бўлса, зудлик билан унинг хўл кийимларини ечиш, танани турли нарсалардан тозалаш, бирорта иссиқ ичимлик ичириш, валериан настойкасини бериш тавсия этилади.

Танадан сувни чиқариш учун жабрланувчини қорни билан тиззага ётқизилади (ёрдам кўрсатувчи битта тиззасида ўтирган ҳолда) ва кураклар бир неча марта босилади. Бунда жабрланувчининг боши кўкрак қафасидан пастда бўлиши керак. Оғиз бўшлиғи тозаланиб, сувнинг асосий қисми танадан чиқариб ташлангандан кейин, сунъий нафас олдиришга киришилади. Сунъий нафас олдиришнинг энг самарали ва оддий усули – «оғиздан-оғизга» ва «оғиздан-бурунга» ҳисобланади. Сунъий нафас билан бир вақтда юрак массажи ҳам амалга оширилади. Бу пайтда жабрланувчи, албатта, қаттиқ ерда, юқорига қараб ётқизилиши керак. Бевосита юрак массажи 4-5 марта сунъий нафас берилгандан кейин бажарилади. Массаж қатъий режимда бир дақиқада 50-60 марта босиш билан ўтказилади.

Юрак массажи билан сунъий нафас олдиришнинг нисбати 4:1 ёки 6:1 бўлиши керак. Нафас олдириш билан юрак массажи бир вақтда амалга оширилмайди. Нафас чиқариш пайтидагина кўкрак қафаси 4-6 марта босилади.

Икки киши томонидан ёрдам кўрсатишда биринчи одам сунъий нафас беради, иккинчиси эса бевосита юрак массажи билан шуғулланади. Бу тадбирлар жабрланувчи ўзи нафас олгунга ва ҳушига келгунга қадар давом эттирилади.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан (жабрланувчи ўзи нафас олиб ҳушига келгандан) кейин дарҳол ҳўл кийимларни ечиб, танани иситиш лозим. Бунинг учун иссиқ қум, грелка, иссиқ сув қуйилган бутилка ва шунга ўхшаган нарсалардан фойдаланилади. Биринчи навбатда кўкрак, бўйин, оёқлар, жигар ва бел қисмлари иситилади. Сўнгра «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилинади.

Жавоҳир АБДУРАҲИМОВ, туман ФВБ ФВДТ ва ФМ хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи, лейтенант.