ЯРИМ АСРКИ, ЭЛ ХИЗМАТИДА

Ҳазрат Мир Алишер Навоийда барчамизга таниш «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами», -деган ҳикматомуз сатрлар бор.  Чиндан ҳам, халқ ғамини ўз ғами, деб билмаган одамлар ким бўлмасин, тариқча қадр-қимматга эга эмас. Эл-юрт дардига малҳам бўлиш учун борини бахшида этаётганлар доимо эъзозда, ҳаётлари ҳам бир маромда кечади. Шулардан бири, мен 40 йилдан бери яқиндан билган, туман тиббиёти жонкуярларидан бўлмиш Аҳмаджон ака Юсуповдир. Қачон кўришсак, димоғи чоғ, ҳаракати фаол, мақсади тиниқ, вазифаси ижроси билан банд ҳолда кўраман. Одатда, инсон ҳаётдан мамнун, касб-коридан қониқиб яшаса, шундай бўлади.

1947 йил зиёли оилада туғилган Аҳмаджон ака мактабда «аъло» ўқиди, жамоатчилиги ўшандаёқ бошланган. У дастлаб Наманган  тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳарбий хизматни ўтади. Шифокорлик фаолияти 1969 йилда тез ёрдам бўлимида бошланган. 1970-75 йилларда ТошМИда таҳсил олди ва олий маълумотли мутахассис сифатида эл хизматига бел боғлади. Стоматолог врач бўлиб иш бошлади. Тезда оммавий-ташкилий ишларда фаоллиги кўзга ташланди. Унга касаба уюшма раислиги ишониб топширилди. Ундаги иқтидорни пайқаган маъмурият 1981 йил бош врачнинг 1-ўринбосари этиб тайинлади. Туман миқёсида даволаш ишларини тасарруф этишдек масъулиятли вазифани талаб даражасида уддалаган Аҳмаджон Юсупов 1986 йилда туманнинг энг чеккаси Жийдакапа участка касалхонасига бош врач этиб юборилди. Бу ерда барча соҳадаги ишлар анча оқсаб қолган, раҳбардан катта масъулият, оғир меҳнат талаб қиларди. Янги раҳбар, аввало, эътиборни жамоадаги меҳнат интизомига, кадрлар сифатига, моддий-техник базани мустаҳкамлашга, халқ саломатлиги муҳофазасини давр талаби даражасида  ташкил этишга қаратди.

Тоталитар тузум шароитида қишлоқлардаги муаммолар ҳам юқори марказда ҳал этилар эди. Аҳмаджон ака эски бино ўрнига янгисини қурдириш учун лойиҳа-смета ишларини Киев шаҳрига ўзи бориб, минг машаққат билан ҳал этди. Бино янги қурилди, замонавий жиҳозлар келтирилди. Қисқа вақтда қишлоқ шифохонаси намунали деб баҳоланди ва республика семинари ўтказилди.

Мустақиллик йилларида тиббиёт ривожига эътибор тобора яхшиланиб, халқ саломатлигини сақлашда «Касалликни даволангандан кўра, олдини олган афзал», -деган тамойилга амал қилиниб, соғлом турмуш тарзи тарғиботига бош масалалардан бири сифатида ёндашилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган «Саломатлик маркази» зиммасида айнан шу вазифа ётади. Вазифа масъулиятли бўлгани боис бирлашма раҳбарияти 2003 йилда Аҳмаджон акага марказ мудирлигини ишониб топширди. Шоҳидмизки, малакали ва фидойи бу инсон эл соғлигини ўз соғлиги деб ҳис қилиб, соҳа ишини мана 17 йилдирки, намунали ташкил этиб келмоқда.

Аҳмаджон аканинг ҳалол меҳнатлари турли йилларда кўплаб дипломлар, ёрлиқлар ва «Мустақилликка 20 йил», «Конституцияга 25 йил» кўкрак нишонлари ва 2018 йил «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Маърифатпарвар шифокор, камтарин инсон, хушчақчақ дўст Аҳмаджон Юсупов фаолиятига 50 йилдан ошибдики, ҳамон сафда. Ундаги ғайрат, маданият ва билимга кўплаб ёшлар ҳавас қиладилар. Ўринбой МЎМИНОВ.