ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛИШ ТАРТИБИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши  мумкин бўлган фаолият турлари кенгайиб, улар сони 67 тага етди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9  июлдаги 566-сонли қарорида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар фаолият (хизматлар, ишлар) турлари 24 та этиб белгиланган эди. Мазкур қарорга мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матри-цали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд  солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма  тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.

Гулноза РЕЖАББАЕВА, БТПЖ туман бўлими пенсия ва нафақалар тўлови мониторинги  гуруҳининг 1-тоифали инспектори.