Мадҳингни куйлай

Эй, Аршнинг ердаги парчаси, Уйчим,

Сен ўзинг энг яқин юртсан қуёшга.

Шундан ўзгачадир тафтинг, ифоринг,

Шундан кўкаради чўп суқса тошга.

Билдим, энг қадим туркий наслидан

Бағрингда эркалаб ўстирган шу эл,

Васфингни куйламоқ учун бир лаҳза

Мен шоир ўғлингга изн бергин, кел.

Нечун топилмагай сенга эгиз жой,

Оламни айланиб, кезса ҳам гир-гир?

Ё қўним топганми сенда қирқ малак,

Ёки туғилганми Ҳазрати Хизр?

Сен-ла юксалади ҳунарманд, фозил,

Орзулар рўёби, имкон ўзингсан.

Сенда «Ҳалол меҳнат – ҳалол ризқ» -шиор,

Остонаси тилла макон ўзингсан.

Келганга боғларинг бол тутар текин,

Мевамас дур унар ҳар битта шохда.

Бекларинг баҳслашар хотамтойликда,

Гар билсанг, гадо-ю, тиланчинг сохта.

Турли миллат сенда ҳамжиҳат бўлиб,

Пойдевор қўяди порлоқ эртага.

Рус палов пиширар, корейс сумалак,

Украин дастурхон ёзар ўртага.

Қизларинг олганлар Тўмарисдан шаҳд,

Лайлидан садоқат, Зуҳродан чирой.

Қараса, уялиб гул эгар бошин,

Суқланиб боқади ҳатто кўкда ой.

Ўғлонларинг ўктам, ботир, шеркелбат,

Жасорат уфурар ҳар бир сўзидан.

Дўстга фидо жони, ёвдан жон олиб,

Борадилар Омон полвон изидан.

Тонг чоғи тандирдан узилган нонинг

Ифори бежизга таралмас ҳар ён.

Азон овозидан уйғонган замин,

Элга ризқ сочишдан толмайсан бир он.

Бағрингга бир келиб кетган хорижлик,

Яна бир келишни интиқиб кутар.

Ариғингдан қултум сув ичар бўлса,

Амазонка билан Нилни унутар.

Онам алласи-ла қалбга жо бўлган,

Менга бешигимдан сенга шайдолик.

Сендан кетолмайман тўрт қадам йироқ,

Бир кун узоқлашмоқ – оғир жудолик.

Сендан олисларда етмас ҳаво ҳам,

Бунга ким ишонар кимдир ишонмас.

Тафтингни сезмаса, музлагай вужуд,

Бир ютим сувингсиз ташналик қонмас.

Дунёда сендан-да азиз нима бор?

Уйчим, сен борлиғим, топганим ўзинг.

Маконларни кезиб, юртларни кезиб,

Яна бағринг томон чопганим ўзинг.

Истагим рўйи рост айтайин бугун,

Сенга нолаларим етар чоғимда:

Қўл қоқиб, тўрт томчи ёш тўкиб қўйгин,

Сўнгги манзилимга кетар чоғимда. Абдулҳаким НИШОНОВ.