ПЕНСИЯЛАРДАН ЧЕГИРМАЛАР

Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 65-моддасига мувофиқ пенсия ва нафақалардан суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида чегирмалар қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан – пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ва бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган асослар бўйича чегирмалар пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар тўланиши лозим бўлган пулнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 26 октябрда 2835-сон билан рўйхатга олинган йўриқномага асосан комиссия қарори асосида ҳисоблашдаги ёки бошка техник хато оқибатида 10 фоиз, қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида 30 фоиз энг кам иш ҳақининг икки баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича 5 фоиз миқдорида белгиланган тартибда чегирма қилинади.

Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.

Маҳлиё ЮЛДАШЕВА,                  БТПЖ туман бўлими пенсия ва нафақалар тўланишини мониторинг қилиш гуруҳининг 1-тоифали инспектори.