Одил судлов самарадорлигини ошириш учун яна бир қадам

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида  суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қонун, фармон ва қа¬рорлар қабул қилинди.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги  “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида фуқаролар ва юридик шахсларга қулайлик яратиш ва улар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб суд тизимига «бир суд – бир инстанция» тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш белгиланди.

Бундан ташқари, фуқароларни одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, судларда ишни кўриб чиқиш босқичларини янада соддалаштириш орқали самарали суд тизимни яратиш кўрсатиб ўтилди. Хусусан:

•  суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш;

•  туман судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида кўриб чиқиш;

•  апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш;

•  Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра кассация тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек қарорда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш ҳам белгиланган бўлиб, мазкур фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар жиноий ишлар бўйича судларга ўтказиладиган бўлди.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят маъмурий судлари ва вилоят марказида жойлашадиган туманлараро маъмурий судларда маъмурий ишлар ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар кўриб чиқиши назарда тутилмоқда.

Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча буюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларининг қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, суд остонасига қадам қўйга хар бир инсонда адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилади.

Наргиза НАСРИТДИНОВА,

жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг судья ёрдамчиси.