Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичда

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу жараёнда суд ҳокимиятининг мустақиллигини тўлиқ таъминлаш, соҳага оид миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш сингари долзарб масалалар муваффақиятли ҳал этилмоқда.

Айтиш керакки, муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида қатор вазифаларни белгилаган эдилар.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим пойдевор бўлиб гавдаланди.

БМТнинг судлар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бўйича ўз фикрини билдириб, Ўзбекистон раҳбариятининг Ўзбекистонда судлар мустақиллигини, адвокатлар фаолияти эркинлигини ва қонун устуворлигини таъминлашга тўсиқ бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича аниқ, пухта ва узоқ муддатли ислоҳотларини олқишлаб, бу борада мамлакатда муҳим қадамлар қўйилаётганлигини, бу жараён кўп вақт талаб қилишлигини таъкидлаб, келгусида бу соҳани янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини айтган эдилар.

Ушбу Фармонда Диего Гарсия-Саяннинг мамлакатимизга ташрифи давомида берган ўзининг фикрлари ҳам эътибордан четда қолдирилмаган. 

Энг эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Фармоннинг асосий мазмун-моҳияти халқимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг сарсонгарчилигини олдини олишга қаратилган. 

Хусусан, ушбу Фармон билан 2020 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилди. Бу эса суд амалиётини бир хиллаштиришда, ишлар юзасидан адолатли, холис ва қонуний суд қарорларини чиқаришга қулай шароит яратади.

Шунингдек, Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатилиши ва фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этилиши фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга қаратилиб, бир иш юзасидан бир неча маротаба узоқ масофага қатнашни олдини олиб, фуқароларнинг вақти ва маблағини тежашга хизмат қилади.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилини амалдаги кўриниши ҳам ушбу Фармонда назарда тутилган бўлиб, бу суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.Мамлакатимиз иқтисодиётига чет эллик ҳамкорлар ва инвесторларни жалб қилиш масаласи бир неча йиллардан буён долзарб масала бўлиб келмоқда. Бироқ, улар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини яратиш масаласи оқсаб келаётган эди.

Ушбу Фармонда мазкур долзарб соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш ҳақидаги таклифи маъқулланган.

Бунда, бу соҳадаги ишларни кўришни аниқ чегараси ҳам белгиланиб, ташкил этилиши назарда тутилаётган судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилган. Қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Бундай аниқ ва шаффоф тартибни белгиланиши сармоядорларда инвестицион муҳитдаги ишонч ва ҳуқуқий кафолатни яратиб, мамлакатимизнинг жаҳон рейтингларидаги кўрсаткичини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этишга рухсат берилганлиги бу судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамланишига олиб келиб, оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда аҳоли норозилигини келтириб чиқараётган ёки кенг жамоатчилик эътиборига тушган низолар, ишлар бўйича халқимизга ўз вақтида аниқ, пухта муносабат ва тушунтиришлар берилишига шароит яратади ва халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада оширади.

Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси бўйича 2020 йил 29 июль куни Наманган вилоят ҳокимининг 400-сонли қарори қабул қилинди.

Наманган вилоят ҳокимининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси ҳақида”ги мазкур қарори вилоятимизда фармонда белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларни одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларни тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли фармони ижросини вилоятимизда тўлиқ таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор вилоят ҳокими томонидан суд-ҳуқуқ соҳасига берилаётган эътиборнинг яққол далилидир.

Мазкур қарорда судьяларнинг моддий таъминоти ва уларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари, судьяларнинг мақоми ва уларнинг мустақиллигини кафолатларини кучайтириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, вилоят судлари судьялари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш, янгидан ташкил этилаётган судларни жойлаштириш масаларига ахамият берилди.  

Ўйлаймизки, муҳтарам Президентимиз томонидан 24.07.2020 йилда имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мазкур соҳани халқаро стандартлар асосида такомиллашувига сабаб бўлиб, судлар мустақиллигини чинакам маънода таъминлаш, адвокатура институтини янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади ва мамлакатимизнинг жаҳон рейтингларидаги ўрнини сезиларли даражада кўтарилишига қулай шароит яратади.Ўз навбатида Наманган вилоят ҳокимининг 2020 йил 

29 июлдаги 400-сонли қарори ҳам вилоятимизда суд соҳасини ривожлантиришда мухим омил бўлиб хизмат қилади.

Умида СОЛИЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси,

Эркинжон САБИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси.