…АБЛАҲ КИМ?

Ҳазрат Мир Алишер Навоийда шундай қитъа бор:

Умрин аблаҳ кечуруб ғафлат ила,

Нукта ўрниғаки, тортар харрос

Бир эшакдурки, тағофил юзидин

Қилғай изҳор паёпай аррос.

Иқтидорли адиб ва моҳир адабиётшунос, олим Иброҳим Ҳаққул бу қитъани шундай шарҳлайди:

«Нодон ва ярамас кимсаларга юзма-юз келганимизда, кўпинча «аблаҳ» деган сўзни ишлатамиз. Лекин улар нега бундай, бунинг туб сабаби нимада эканлигини унча мушоҳада қилавермаймиз. Инсоннинг онги ва билими нақадар юксалса, у ҳайвонлик хусусиятларидан ўшанча узоқлашади. Онг ва идрок тубанлиги эса уни ҳайвонга яқинлаштиради. Англамаслик – фожиа, тушунмаслик – кулфат. Нафсу ҳирс қафасида яшаш – мусибат. Қитъа шулар тўғрисида ҳам фикр қўзғайди. Ва сиз  беихтиёр ўзингизча аблаҳликнинг ўқ илдизини очгандай бўласиз. Аблаҳлик – умрни ғафлатда ўтказиш экан. Ғофил бандаларнинг ҳаммаси аблаҳлардир. Ғофиллик уларни эшакка яқинлаштиради. Ғофил киши умр моҳиятини тушунмайди, маънили фикр ўрнига «харрос» тортади. Мана шу «эшак»лар Ватаннинг шўри. Халқ қадри, мамлакат обрўси ана шу гумроҳлар туфайли шикаст топади».

Азизлар, менимча ҳазрат қитъалари  мазмунини англадингиз, чоғи.

Энди мақсадга ўтсак ҳам бўлар. Маълумки, дунё ўтган йил декабрдан, Ўзбекистонимиз март ойи охиридан бошлаб коронавирус пандемиясини бошдан кечирмоқда. Инсоният бошига яқин тарихда бундай бало келмаган эди. Бу балога қарши на бирор дори-дармон, на бирор чора-тадбир  тайёр эмасди. Манаман деган  давлатлар ҳам  анчайин чорасиз қолмоқда. Ҳар куни қурбонлар берилмоқда. Бундай вазиятда давлат раҳбарларидан ақл-заковат, мутахассислардан юқори илм ва ташкилотчилик, адолатпешалик, ҳалоллик, давлат сиёсатини, ғамхўрлигини одамлараро очиқ-ошкора ва  виждон амри билан намоён  этиш, халқдан эса қатъий тартиб-интизом, қонунларга итоат, ҳамжиҳатлик талаб этилади. Шу йўл билан бало даф этилади, одамлар ҳаёти, соғлиги асраб қолинади. Муҳтарам Президентимиздан тортиб, вилоятимиз, туманимиз раҳбарлари, ўз-ўзини бошқариш, ҳуқуқ-тартибот органлари, соғлиқни сақлаш фидойиларининг аксарияти шундай қиляптилар. Аммо… Мана шу «аммо» бўлмаганда, аллақачон бу бало даф бўлармиди, балки.

Ҳукуматимиз халқ учун, тинчлик-осойишталик учун борини бахшида этмоқда. 34 миллион одамларимизнинг ҳар бири Президентнинг диққат марказида турибди. Вазиятни ўнглаш учун қанча маблағ зарур бўлса, аямай бериляпти. Ҳазрат Навоий тилга олган ўшал ғофиллар, билимсиз нодонлар (асли жиғилдони учун нодон эмас!) гўёки халқ учун жонбозлик кўрсатган бўлиб, ҳақиқатда халқ саломатлиги, мухофазаси, тинчлиги учун ажратилаётган маблағларни жиғилдон амри ила, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, «туя» қилиб, ўзи ва бола-чақасига едиряпти. Бу билан ота-бобоси тоза сақлаб келган наслини, зотини булғаяпти. Ижтимоий тармоқларни қачон очсангиз, қаердадир, қайсидир ҳаромтамоқлар пандемия маблағларига хиёнат қилганлигига гувоҳ бўласиз. Бу аблаҳлар ўзбекми, қаердан келиб қолган Ўзбекистондай покиза юртга?! Булар деярли барча соҳаларда учраяпти. Қонунларимизда уларни қаттиқроқ жазолаш, халқ кўзи олдида шарманда қилиш йўқми? Жаҳл устида шундай деймизу асли уларни Худо уриб қўйган, халқимизда «ўғри» деган ном олишдан оғир жазо йўқ. Шуниси ҳам борки, бундайлар охиратини ҳам вайрон қилиб бўлган. Ким аслида ким эканлиги шунақа паллада намоён бўлади.

Яна бир гап: карантин талаблари юмшатилди, ҳаётни ўз маромига солиш, халқ хўжалигини юритиш ишлари бошланди. Албатта, асосий талаб – ниқобда юриш, масофа сақлаш, антисептикларни қўллаш сақланиб қолди. Аммо бу борада ҳам масъулиятсизлик, хўжакўрсинлик, беписандлик давом этмоқда. Дўконлар, ошхоналарда, йўловчи ташиш машиналарида талаблар бузиляпти, ниқобни томоққа тақиш, антисептик ишлатмаслик, масофа сақламаслик ҳатто шифохоналарда ҳам учраётгани ачинарлидир.

Садағангиз кетай, юртдошим, миллатдошим, ўзимизни одамлигимизни, тартиб, онг, маданият соҳиби эканлигимизни эсдан чиқармайлик! Халқимизни асраб қолиш барчамиз учун фарздир. Ўринбой МЎМИНОВ.