СЕН – ҚУДРАТ МАНБАИ, САОДАТ МАСКАНИ, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана 1991 йил 1 сентябрь халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

Мустақиллик ҳақида сўз борар экан, ҳеч шубҳа йўқки, озод ва обод юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида шодлик, фахр-ифтихор туйғулари уйғонади. Жаннатмакон Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи юксалиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кўркам қиёфага кириб бораётгани, меҳнаткаш халқимиз бугунидан бахтиёр, шукроналик, эртасига тўла ишонч руҳи билан яшаётганлигини кўриб, қувонади киши. Яқинда Ватанимиз, мамлакатимиз истиқло-лининг шонли санаси – миллий мустақиллигимизнинг 29 йиллигини нишонладик.

Одам фарзанди учун Ватан бамисоли онадай, бамисоли отадай, бу ёруғ оламда битта, ягона. Ватан борки, биз бормиз. Мустақиллигимиз биз учун Она каби мўътабар, нондай азиз ва қадрлидир.

Мустақиллик йилларида Республикамизнинг барча жойларида шаҳар ва қишлоқларида, турли соҳаларда кўп ишлар қилинди. Ҳар бир жиҳатдан ўзини англаётган халқимиз улуғ бунёдкорликлар қилишга киришиб кетди. Ўтган 29 йил ичида Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгарди. Нафақат кўчалар ва хиёбонлар, бу даврда жамият ва одамлар ҳам ўзгариб, юртдошларимиз эркин фикрлай бошладилар. Ҳар кимнинг ўз вазифасига нисбатан масъулияти ҳам ортди. Шу билан бирга, биз, ёшларда Ватанга садоқат ҳисси кучайди.

Истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнининг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз – эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Бегойим ВАРИСОВА,

2-мактабнинг 8-синф ўқувчиси.