СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Саволларга туман БТПЖ маблағга бўлган талабни аниқлаш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи сектори бош инспектори Юсуфжон НУРМАТОВ жавоб беради.

Савол: -Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига кимлар эга бўладилар?

Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси фуқаролари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган тартибда давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар. Қонуннинг 7-моддасига кўра, эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

-аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда иш стажининг охирги 10 йили асос қилиб олинади.

Савол: -Иш стажи етарли бўлмаган ҳолда пенсия қандай тайинланади?

Жавоб: -Иш стажи етарли бўлмаганда тўлиқсиз пенсия тайинланади. Бунинг учун иш стажи камида 7 йил бўлиши керак. Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар давлат пенсияларини олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Савол: -Якка тартибдаги тадбиркор, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси келажакда давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун иш стажини қандай расмийлаштириши зарур?

Жавоб: -Дарҳақиқат, айни пайтда айрим шахслар ёлланиб, кунлик тушум ёки йил охирида ваъда қилинган қишлоқ хўжалик махсулотлари – ғалла ёки мева-сабзавотлар олиш учун ишлаб, эртага пенсияга чиқишда зарур иш стажига эга бўлмай қоладилар. Келажакда давлат пенсияси олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтиб фаолиятини бошлагач, давлат солиқ идораларига ўзи учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида ҳар ойнинг 25-санасига қадар суғурта бадали тўлаб боради.