ТОРМОЗНИ БОСОЛМАСАНГ…

Мамлакатимизда ривожланиш, одамлар турмуш  даражаси  ортиб бориши  туфайли замонавий қулайлик воситаси – автомобиллар  кўпайганидан кўпайиб боряпти. Бу эса йўлларимизнинг талабга жавоб беролмай қолишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари малакасиз ҳайдовчилар сони ортиб бориши оқибатида кўплаб нохуш ҳолатлар содир бўлишига олиб келяпти.

Наманган шаҳар Яккатут МФЙ фуқароси А.А. шу йил 22 июнь куни «Кобальт» русумли автомашинасида «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг бир неча бандларини қўпол равишда бузиб, Қаҳрамон МФЙ фуқароси Х.М.ни қарама-қарши томонга ўтиб, уриб юбориб, тан жароҳати етказади. Асосий сабаб – юқори тезлик.

Шу йил 4 июль куни Хизиробод МФЙда яшовчи С.Ш. транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиб, туман ЎСТКга қарашли «Ласетти» русумли автомобилда манёвр бажариш чоғида қаршидан келаётган «Тез ёрдам» машинаси (Дамас)га урилиб, унинг ҳайдовчиси ва салонда бўлган Х.Д. (аёл) га ўртача оғир ва енгил тан жароҳати етказади. Сабаб – ортиқча тезлик!

Шифокор МФЙда яшовчи М.А. 5 июль куни «Ласетти» автомашинасида Уйчи шаҳарчаси айланма йўлининг Ёрқўрғон йўналишида қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмай, олдиндаги «Нексия»нинг олд ён қанотига урилиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб бетон тўсиққа урилади. Натижада «Ласетти» салонида бўлган фуқаро Ш.И. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилади. Сабаб – тезлик.

Юқоридаги уч ҳолатни келтириб чиқарган «шоввоз»ларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 266-моддаси 1-қисмида белгиланган жиноятни содир этганлар.

Уларнинг қилмишига тергов жараёнида баҳо берилади ва белгиланган жазо чоралари қўлланади.

Ҳовлиқиш, ўзини босолмаслик кимга фойда-ю кимга зарар?!

Халқимизда: «Тоққа чиқишдан олдин тушишни ўйла», -деган гап бор.

Қоидабузарларга шундай деймиз: «Тормозни босолмасанг, газни босма!»

Оббосбек ПОЛВОНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта суриштирувчиси, лейтенант.