ТУМАНИМИЗ МАКТАБЛАРИДА

янги ўқув йили қандай ташкил этилади?

Маълумки, мамлакатимиз раҳбари раислигида 28 август куни умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг, 16 мартдан бошлаб, анъанавий таълим жараёнлари вақтинчалик тўхтатилган эди. Болалар уй шароитида онлайн таҳсил олди.

Янги ўқув йили яқинлашгани сари барча ота-оналарни ўқиш қачон ва қай тарзда бошланиши қизиқтирмоқда. Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлиги томонидан алоҳида сўровнома тузилиб, ҳар бир ота-онанинг фикри батафсил ўрганилди.

Ўқитувчилар билан ўтказилган мулоқотларда ҳам аксарият педагоглар болажонларнинг кўзи ва қалбларини соғинганини, таълим ва тарбия беришга тайёр эканини, мактаблар очилишини орзиқиб кутаётганини билдиришган. Шу хулосалардан келиб чиқиб, мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинди. Яъни, аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилади.

Туман ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вази-фаси қўйилди.

Шунингдек, тажриба асосида ўқувчиларни мактабда ким кутиб олиши, қайси синф қайси эшикдан кириши, синфхоналарнинг ҳавоси қачон алмаштирилиши каби ҳар бир қадам аниқ белгилаб олинади. Бу салкам 6 ойдан буён ўқув даргоҳини соғинган болаларнинг тезроқ мослашиши ҳамда хавфсизлигида муҳим ўрин тутади.

1, 2, 3, 4-секторлар ҳудудларидаги 1, 11, 19, 34-мактабларда ташкил этилган кўргазмали семинарда айни шулар ҳақида сўз борди. Унда туман ҳокимлиги, барча сектор раҳбарлари, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими вакиллари, мактаблар директорлари, соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этдилар.

Семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов қатнашди ва навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.