БИР ЗИЁСИ СЎНДИ УЙЧИНИНГ

Дўстим Ўринбой Мўминовнинг унутилмас хотирасига

Во ҳасратоки, азиз ва такрорланмас дўстим Ўринбой бизни ташлаб кетди. Ҳаммамиз бирга нафас олаётган бу фоний дунёни тарк этди. Аллоҳнинг амри билан дорил фанодан дорил бақога рихлат қилди.

Марҳум чин маънодаги бош ҳарф билан  ёзиладиган инсон эди, то умрининг охиригача солиҳ амалларга содиқ қолди.

Тақдир бизни ўтган асрнинг етмишинчи йилларида, эндигина олий таълимни ўтаб қайтган давримизда таништирди. Товонимиздан ўт чақнаган йигитлар эдик. Адабиёт, маънавият, халқ таълимининг чин фидойилари санардик ўзимизни. Биз қандай ишладик, қандай яшадик, жамиятимизга қандай наф келтирдик, айтолмайман. Аммо кафолат бериб айтаманки, Ўринбой Мўминов ўз халқи, унинг маърифати, маданияти, руҳий камолоти учун бутун онгли ҳаётини бағишлади, буюк идеалларга содиқ қолди.

У буюк муаллим эди. У толмас маънавият тарғиботчиси, ҳалол ва покиза инсон эди. У ижодкор эди. Кўплаб шеърлари, одоб ва ахлоққа доир мақолалари билан бошқалар қалбидан жой олди. Айниқса, пурмаъно тўртликлар устаси, ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам софлик ва ҳалолликнинг тарафдори, адолат ва ҳақиқатнинг толмас ҳимоячиси эди у.

Ў.Мўминов анча-мунча амалдорлик курсиларида ҳам ўтирди. Бир замонлар жамоа хўжалиги раиси муовини, хўжалик парткоми, олий мактаб проректори, академик лицей директори ўринбосари бўлди. Аммо асло бугунги амалдорларга ўхшамади. Оддий ўқитувчилигида қандай бўлса, шундайлигича қолди, феъл-атвори умуман ўзгармади.

Дўстим ҳақиқий оилапарвар эди. Аҳли аёлини қаттиқ ҳурматларди. У оламдан ўтгач, бир қадар чўкиб қолганиям бор гап. Зеро, сафарда отинг, қариганда хотининг ўлмасин. Фарзандларини еру кўкка ишонмасди. Ёлғиз қизи, ўғиллари билан фахрланарди. Невараларининг салоҳияти, истеъдодидан боши осмонга етарди. Яқинларига ана шу невараларини таърифлашдан толмасди.

Во ҳасратоки, дўстларига ҳамиша садоқатли инсон энди орамизда йўқ. Унинг бирор мартаям, ҳатто оддий масалада ҳам хиёнат қилганини билмайман, эшитмаганман ҳам. Бошқалар ташвишини ўзиникидай қабул қиларди. Яқин дўсти вафот этганда қанчалар қайғу, изтироб чекканини таърифлай олмайман. Ҳатто яхшигина оғриб қолиб, анчагина даволанганди ўшанда.

Ўринбой художўй, ибодатга қойим эди. Ҳаж зиёратига боришни орзу қиларди. Умра сафарига тайёрланаётган пайтида мана бу сабил пандемия бошланиб қолди. Афсус, насиб қилмаган экан. Бир ҳафта нари-берисида қўнғироқ қилиб, суҳбат аввалида, нимагадир: «Эй дўст, қанча йўлни юриб қўйдик биз, яхши-ю ёмонни кўриб қўйдик биз», -дедим. Мириқиб, узоқ гаплашдик. Бу бизнинг охирги мулоқотимиз экан.

Во ҳасратоки, Ўринбой Мўминов энди орамизда йўқ. Унинг тимсолида ҳаёт, жамият чин инсон, садоқатли дўст, адабиёт, маънавият, маърифат ва маданиятнинг толмас тарғиботчиси, оилапарвар, бағрикенг ота, силайи раҳмни баланд тутувчи қариндош, туб маънодаги муаллимдан айрилди.

Оташ қалби тинди куйчининг,

Бир зиёси сўнди Уйчининг.

Охиратингиз обод бўлсин, дўст! Энди дийдор қиёматга қолди.

Абдубанно ХОЛМОНОВ.