ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланиб, 4 январдан кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.

Ушбу Қонуннинг муҳим аҳамиятли жиҳати коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчиликдан давлат ва жамият манфаатларига зиён етмаслиги, қонунларга, инсоннинг қадр-қимматига рахна солинмаслиги керак. Қандайдир манфаат ортидан боғланган ришта, дўстлик, ака-укачилик узоққа чўзилмайди, ҳеч кимга ҳурмат олиб бермайди. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар топиш мумкин.

Коррупцияга қарши курашишда, давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда, фуқароларга тезкор ва холис ахборот етказишда оммавий ахборот воситаларига эркинлик бериш, демократик ислоҳотлар жараёнида уларнинг нуфузи ва мавқеини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш масалалари қонунда алоҳида белгилаб қўйилган.

Дамиржон УСАНОВ,

вилоят прокуратурасининг 16-бўлим прокурори.