ОЛАМНИНГ ЁНАР ЧИРОҒИ

Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрам сифатида кенг нишонланади. Зотан ёшлик гулшанининг боғбони, ранго-ранг ниҳолларни етиштирувчи ва боғида бирорта ҳам шумгиёҳ ўсмаслиги учун курашадиган зот бу устоздир.

Қалблари, меҳрлари қуёшнинг жўшқин ҳароратига, иродаси пўлатнинг чидамлилигига, ақлу зеҳнлари ойнинг шаффоф нурига, билимлари туганмас зилол чашмага тенг келгувчи азиз устозларимиз биз, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида ўзларининг машаққатли касбларини сидқидилдан адо этадилар.

Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

«Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмуш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганч ила».

Ўз қалб қўри, кўз нури ва меҳр-муҳаббатини ёш авлодга бахшида этаётган устозларимиз ҳамиша соғ бўлишсин.

Бегойим ВАРИСОВА,

2-мактабнинг 8-синф ўқувчиси.