ТАДБИРКОР – ИҚТИСОДИЁТ ТАЯНЧИ

Мамлакатимизда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Солиқ юкини камайтириш ва инвесторлар учун солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ сиёсати ва божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш ислоҳотлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

2018 йил 1 августдан инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади, агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас, деб топилган ёки бекор қилинган бўлса, шунингдек, давлат органи(мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилиши, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно этиб белгиланди.

Ўз навбатида айтиш жоиз, мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этмай, айниқса, етакчи тармоқларда чет эл сармояси иштирокини кенгайтирмай туриб, иқтисодий тизимда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва модернизациялаш, корхоналаримизни замонавий техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда рақобатга бардошли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин эмас. Ривожланган давлатларнинг тараққиёт тарихи хорижий инвестицияларнинг иқтисодиётни қайта қуриш, модернизациялаш ва юксалтиришдаги ўрни ниҳоятда катта эканлигини кўрсатади.

Илҳомжон АЛИМАТОВ, туман прокурорининг катта ёрдамчиси.