ЧАҚНАГАН ЮЛДУЗ

Ўринбой ака Мўминов. Бу инсонни болалигимдан яхши танирдим ва ҳурмат қилардим. «Уйчинома» газетасига кўп шеърлар олиб келиб турардилар. Ҳеч ҳамсуҳбат бўлмагандик. Ёш эдим, устозлар билан гаплашиб, шеърларини ташлаб кетардилар. Кейинчалик ҳамма устозлар нафақага чиқишди, лекин Ўринбой ака чиқмади. Ижоддан тўхтамади. Буни мен кўп кузатиб юрганим учун ишга таклиф қилдим, нима шароит бўлса, яратиб берамиз, фақат сиздан ижод, дедим. Рози бўлдилар.

Ўринбой ака кўп йиллар маънавият соҳасида ишлагани учунми, жуда маънавий бой инсон эди. Ҳар бир сўзни ўрнига қўйиб гапирарди. Нутқ маданияти, ширали овоз, жонли ва ҳаётий мисоллар уйғун тарзда сизни оҳанрабодай ўзига тортарди. Ўрни келганда қўшиқ ҳам куйларди. Қайси соҳадан гап очманг, мисол ва далиллар билан эринмай тушунтирардилар.

Ўринбой аканинг исми ҳам ўзи каби ноёб. У кишидаги билим туганмас бир хазинадек эди. Уйчи  тумани ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотлар бор эди, уларда. Уйчи тумани ташкил топганлигининг 85 йиллигига ёзиб беринг, деб анча маълумотларни олдик ва газетада ёритдик ҳам. Лекин жуда кўпи ўзлари билан бирга кетди. Ҳали яна кўп яшашлари керак эди. Аммо бешафқат ўлим ўз ҳукмини ўтказди. Кутилмаган касаллик уларни орамиздан эрта олиб кетди.

Наманганда Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев бўлган бўлса, Уйчида шоир Ўринбой Мўминов номи таниқли инсон сифатида ягона. Дилкаш, суҳбатижанон, ҳазил-мутойибаниям ўрнига қўядиган инсон эдилар. У киши кучли руҳшунос ҳам эди, қалбингизга сеҳрли сўзлари билан кириб бориб, ўзига мафтун этиб қўярди. Қанча-қанча ёш ижодкорларга устозлик қилдилар. Ҳузурларидан бирор кишининг норози кайфиятда чиққанини кўрмаганман.

Бундай билимли, саводли, ҳуснихати чиройли инсонни ҳаётимда иккинчи бор кўришим. Бири устозим Абдубанно Холмонов бўлса, иккинчиси шу инсон. Иш давомида ҳар иккилари билан оддий вергул, битта ҳарф ёки белги учун кўп тортишардик, охири изоҳли луғат баҳсимизга якун ясарди. Бундай саводли инсонларни кейин учратмадим.

Ўринбой ака сўз заргари эди. Ҳар бир сўзни чуқур маъносини тушунтириб, ижодида қўлларди. Кейинги икки йиллик фаолияти давомида серқирра ва сермаҳсул ижодкор Ўринбой Мўминов муаллифлигида «Уйчинома» газетасининг мазмун-мундарижаси бойиди, кўплаб мулоҳазали, мушоҳадали мақолалар ёритилди. Улардан шеърлар, ҳикмат дурдоналари, таржималар қолди. Газетамизнинг салкам бир ярим саҳифаси у кишининг ранг-баранг мавзулардаги материаллари билан тўларди. Ҳатто сиғдира олмай, кичик шрифтларда бўлса-да беришга ҳаракат қилардик. Сабаби, улар ёзган мавзудан қисқартириш ёки «қирқиб» ташлашнинг иложи йўқ эди. Ҳар бир мавзуга атрофлича ёндашиб, мукаммал мақола тайёрлардилар. Туманимиз тарихига доир ёритган мақолалари ўлмас сатрларга муҳрланди.

Ўринбой ака инжу ва дуру гавҳарларга тўла инсон эди. Биз улардан ҳали кўп мавзуларда, бебаҳо манбаларни олиб қолишимиз мумкин эди. Афсус, улгура олмадик.

Кўп ҳамсуҳбат бўлганимизда, бу инсон ҳаётидан мамнунлиги, айниқса, собиқ «Ленинчи йўл» колхозида ишлаган даврларида атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов билан бўлган учрашув, қадрдон дўсти Маҳаммаджон Жакбаров, профессор Тоштурғун Эргашев билан бирга ишлаган даврларини ҳаётларидаги унутилмас кун сифатида кўп хотирлардилар.

Мен Ўринбой акани «Чақнаган юлдуз», деб бежизга айтмадим. Ёшлари бир жойга борган бўлса-да, ҳамиша чақнаб, ёниб турардилар, ён-атрофдагиларни ҳам шунга даъват этардилар. Бундай серқирра ижодкорлар камдан-кам туғилади.

Уйчи тумани ўзининг асл фарзанди, беназир устоз, маънавият тарғиботчиси, фаол ижодкор Ўринбой Мўминовдан айрилди. Устозимизнинг охиратлари обод бўлсин.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.