АЛМАШЛАБ ЭКИШ

Суғориладиган ерларда илмий асосланган алмашлаб экишни жорий қилмасдан туриб тупроқ унумдорлигини оширишга эришиб бўлмайди. Маълумки, бир экинни бир далага муттасил экавериш ернинг толиқишига, ҳосилдорлик пасайиб, тупроқда гумус миқдори кескин камайиб кетишига олиб келади. Алмашлаб экиш агротехник ва мелиоратив тадбирлар самарадорлигини ошириш воситаси бўлибгина қолмай, кам меҳнат ва маблағ сарфлаб, барча экинлардан мўл ҳосил олиш ва чорва маҳсулотлари кўпайтирилишини ҳам таъминлайди.

Жуда кўп тадқиқотлар ва ўтказилган тажрибалар суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишнинг бирдан-бир тўғри йўли – беда-пахта ва бизнинг шўрхок ҳамда бироз қумлоқ майдонларда мош алмашлаб экиш усули эканлигини тўла исбот этмоқда.

Беда ўсимлиги, айниқса, шўрлаган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилашда катта роль ўйнайди. Беда сувнинг тупроқ орқали буғланишини камайтиради, тупроқ хоссаси микроэлементлар билан бойишини кўпайтиради. Беда илдизлари тупроқ сатҳига чуқур кириб бориши натижасида сизот сувлари сатҳи 40-50 сантиметр ва ундан чуқурроққа тушиб кетади. Беда танаси жуда кўп тузларни шимиб олиши оқибатида ернинг ҳайдалма қатламида сувда осон эрувчи зарарли тузлар миқдори анча камаяди. Беда ўсимлиги биологик дренаж вазифасини бажаради.

Беда экилган майдонларда кўп миқдорда илдиз массаси ва илдиз қолдиқлари тўпланади. Бу қолдиқлар ҳисобига тупроқда мураккаб озуқа бирикмаларидан таркиб топган гумус – чиринди кўпаяди.

Беда экилган майдонлар азот тўплашнинг беқиёс манбаидир. Бу табиий азотлар заҳарсиз, атроф-муҳитни ифлосламайди.

Беда илдизлари тупроққа чуқур кириб, ён илдизлари атрофга тарқалиши натижасида тупроқнинг ғоваклиги ортади. Маълумки, пахта етиштириладиган ерларда ҳайдалма қатламдаги ўсимлик учун жуда зарур бўлган кальций элементлари ёғин-сочин ва суғориш сувлари таъсирида чуқур қатламларда ювилиб кетади. Беданинг чуқур кетган илдизлари эса бу кальций моддаларини ўзлаштириб, уларни тупроқнинг юқори қатламига етказиб беради. Шу боисдан ҳам беданинг илдиз ва ангиз массалари кальцийга бой бўлади. Қолдиқ массалар чиришидан ажралиб чиққан кальций тупроққа сингиб, бу майдонларга экилган экинлар озуқа билан таъминланишини янада яхшилайди.

Бедапоялар ҳайдалиб, унинг ўрнига маккажўхори, сабзавот, полиз экинлари ва чигит экилганда тупроқ хоссаси кескин яхшиланиши эвазига улардан мўл ҳосил олинади. Беда ўрнига чигит экилган майдонларда пахта ҳосилдорлиги 20-40 фоизгача ортади.

Алмашлаб экиш схемасига амал қилинган майдонларда одатдаги ерларга нисбатан 6-12 центнер кўп пахта олинади, ўғитлар самарадорлиги 34-40 фоиз ортади, маҳсулот таннархи 8-10 фоиз арзонлашади.

Умаржон РАСУЛОВ, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими катта инспектори.