ИС ГАЗИ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Айнан ис газининг ажралишига сабаблар – ностандарт ва носоз газ асбобларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланиш, талабга жавоб бермайдиган дудбуронларни ўрнатиш ёки уларни нотўғри ўрнатиш, мавжудларини ўз вақтида тозаламаслик, газнинг етарли миқдорда ҳаво билан аралашмаслиги кабилардир.

Европада ҳам индивидуал иситиш мосламаси – генераторларни ўрнатиш кенг ривожланган. Мазкур амалиёт янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган биноларда қўлланилмоқда. Жумладан, Лондон шаҳридаги якка тартибдаги ва кўп қаватли уйларнинг ҳар бир хонадонида автоматлаштирилган индивидуал иситиш тизими генераторлари, мажбурий равишда тизим ўрнатилган хонага газ сизиб чиқишини хабарловчи (газоанализатор) бўлиши шарти билан ўрнатилмоқда.

Жанубий Кореяда эса суюлтирилган углеводород газ баллонларини баланд қаватли тураржой биноларининг биринчи қаватида ёнғинга қарши бўлган деворларнинг орқа томонида ўрнатиш жорий этилган.

Айрим давлатларда эса беш қаватгача бўлган уйларда ҳам газоанализатор бўлиши шарти билан индивидуал иситиш тизими генераторлари тажриба сифатида ўрнатилмоқда. Ушбу тизим бошқа иситиш тизимларига қараганда хавфсизлик жиҳатдан анча юқорилиги амалда исботланмоқда.

Мамлакатимизда ҳам қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган тураржой биноларида ушбу амалиёт кенг қўлланилмоқда, яъни икки контурли иситиш қозонлари ўрнатилмоқда. Албатта, юқорида қайд этилган давлатлардаги мавжуд ижобий тажрибаларни ўрганиш асосида босқичма-босқич тизимли ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бундан ташқари, ис газидан заҳарланишнинг олдини олишда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш вақти етиб келди. Бу борада нафақат ахборот-коммуникация технологиялари, балки ижтимоий тармоқлар ва мобиль алоқа операторлари имкониятидан фойдаланиш ҳам анча самара беради.

Аъзамжон  АҲМАДЖОНОВ,

туман ФВБ бошлиғи, подполковник.