ЗАФАР МУБОРАК, ҒОЛИБЛАР!

«Машад соҳибкори» фермер хўжалиги(раҳбари Зоҳиджон Исматиллаев) лафзи ҳалоллари ваъдага вафо қилдилар. Улар 32,4 гектар  майдондаги пахтанинг ҳар гектаридан 43,6 центнердан ҳосил кўтаришди. 146,2 тонна пахта тайёрланиб, шартномавий режа шараф билан бажарилди. Ҳосилнинг ҳаммаси юқори навга сотилди.

Оилавий пудратчи Лола Шерхонова 39 тонна пахта териб топшириб, биринчи ўринни қўлга киритди ва кир ювиш машинаси билан тақдирланди. Сувчи ва механизаторлар, пудратчиларга телевизор, велосипед, печь каби қимматбаҳо совғалар топширилди.

Дала шийпонида бўлиб ўтган туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, кластер раҳбари Муллажон Мансуров, фермер Тоҳиржон Исматиллаевлар сўзга чиқиб, эришилган зафар билан жамоани қутлашди ва энг илғорларга қимматбаҳо совғаларни тақдим қилишди.

Туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари Комилжон Неъматов, Ривожиддин Шамсид-динов, Сирожиддин Тўрабоевлар ижросидаги қўшиқлар барчани рақсларга чорлади.

******

Муҳаммаджон Нажмиддинов раҳбарлигидаги Наманган илмий тажриба станциясининг Қизилравот бўлими заршунослари пахта тайёрлаш йиллик шартномавий режани бажардилар.

Ғалаба нашидасини сураётган жамоа лафзи ҳалоллари 49,5 гектар майдондан 135 тонна уруғлик пахта тайёрлашди. Бўлимда «С 6575», «С 6580», «С 8295», «С 8296», «С 8297» навларидан мўл ҳосил олинди. Шу куни 65 нафар илғор теримчи, механизатор, сувчи ва Ҳожиобод МФЙдан чиққан ҳашарчиларга 50 миллион сўмлик қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

******

Баҳодир Мирзамов раҳбарлигидаги «Уйчи обод замини» фермер хўжалиги миришкорлари зафар қучишди.  105 гектар майдондан 422 ўрнига 450 тонна «оқ олтин» йиғиштириб олиниб, шартномавий режа шараф билан бажарилди. Ҳар гектар майдондан 45 центнердан зиёд ҳосил олинди. Элликдан зиёд киши меҳнат қилаётган жамоада ишлаётган энг илғорларга олтмиш миллион сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди. Йигирмадан ортиқ телевизор, музлаткич, кир ювиш машинаси, печь, газ плитаси каби совғаларни қўлга киритган жамоа аъзоларининг қувончи чексиз.

Шодиёнада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Барно Мирзамовалар барчани ютуқ билан самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдиришди.

Муҳаммад АЛИ.