ШИЖОАТ БИЛАН ИШЛАШГА УНДАЙДИ

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Қонун билан жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Аввалги «Таълим тўғрисида»ги Қонун 5 бобдан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирда қабул қилин-гани 11 бобдан иборат. «Таълим фаолиятини ташкил этиш ва унинг назоратини амалга ошириш», «Таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқий мақоми», «Таълим олувчиларнинг, улар ота-онасининг ҳамда бошқа қонуний вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари», «Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш, таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, хорижий давлатдан олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш, таълим соҳасидаги ҳужжатларга апостиль қўйиш», «Таълимни молиялаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш», «Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик» каби янги боблар қўшилди.

37 моддадан иборат Қонун 75 та моддадан иборат бўлди. Умумий  ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим билан бойитилди. Мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшидан қабул қилинади, дейилган бўлса, янги Қонунда болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

45-моддада педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари алоҳида белгиланди. Жумладан, ўз касбий фаолиятига аралашувдан ҳимояланиш, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш, педагог ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш тақиқланиши кўрсатилган. Шу билан бирга, 46-моддада бир қатор мажбуриятлар ҳам юкланган.

48-моддада таълим олувчиларнинг мажбурияти сифатида ўқув дастурлари асосида билими, малака ва кўникмаларни ўзлаштириши, машғулотларга қатнашиши, уларга мустақил тайёргарлик кўриши, педагог ходимларнинг топшириқларини бажариши, таълим-тарбия жараёнининг бошқа иштирокчиларига нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик ишлатмаслиги ва уларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги, таълим ташкилотининг мол-мулки, моддий ва маданий бойликларини асраши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Таълим соҳасида жадаллик билан давом этаётган ислоҳотлар, албатта, ўзининг ижобий самарасини кўрсатади. Биз, таълим ходимлари, бу  ғамхўрликларга жавобан фидойилик билан ишлаб,  баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида бор шижоатимиз билан ишлаймиз.

Насибахон СОБИРОВА,

2-мактаб директори.