«ЎЗБЕК ТИЛИМ – ЎЗЛИГИМ ТИМСОЛИ»

Ҳар бир халқнинг, миллатнинг қалби унинг тили саналади. Ўша тили унинг бебаҳо бойлиги, хазинасидир, чунки кишилар бир-бири билан ўз она тилида мулоқотга киришади, дардларини ўртоқлашишади, эҳтиёжлари учун керакли нарсаларни шу тил ёрдамида бир-бирларидан сўрашади. Шунинг учун ҳам одамлар ўз тилини, ундаги сўзларни эъзозлаб, уларга ишлов бериб, сўзлар хазинасини бойитиб, кейин авлодларга бус-бутунича етказишга ҳаракат қилишади.

Интернет маълумотларига кўра, ҳозир дунёда олти мингдан ортиқ тил мавжуд бўлиб, улардан икки юзга яқини давлат тили мақомига эга. Бу эса, шубҳасиз, ота-боболаримизнинг бизга қолдирган туҳфасидир. Ҳазрат Aлишер Навоийдан тортиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Махмур, Турди Фароғий, Aваз Ўтар, Завқий, Ҳамза, Чўлпон, Aбдулла Қодирий, Фитратларнинг эзгу интилишлари натижаси бу. Уларнинг машаққатли меҳнатлари, миллат учун чеккан азоблари самарасиз кетмади, чоғи.

Дунёдаги барча тиллар, шу жумладан, ўзбек тили ҳам муттасил ривожланишдадир. Биз она тилимиздаги ўзгаришларни билиш учун икки давр оралиғидаги муддатни ўрганишимиз керак. Масалан, Навоий тили билан ҳозирги даврдаги ўзбек тилини солиштирсак, бу икки давр оралиғида юз берган ўзгаришлар унинг сўз бойлигида кўпроқ акс этганини англашимиз мумкин. Кўриниб турганидек, бундай ўзгаришлар тилнинг сўз бойлигида намоён бўлади. Негаки, миллатимиз тарихида рўй берган иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ўзгаришлар натижасида тилга янги сўзлар кириб келади, айрим сўзлар эса истеъмолдан чиқиб кетади.

Ўзбек тили лексикаси икки манба асосида бойиб, ривожланиб боради: ўз ички имкониятлар асосида ҳамда бошқа тиллардан сўз олиш асосида. Ўзбек тили лексикасининг биринчи йўл билан бойиб бориш имкониятлари жуда кенг. Ўзбек тилининг кенг кўламда ривож топишида 1989  йил 21 октябрь куни қабул қилинган Қонуннинг аҳамияти каттадир.

Сўзимни Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман: «Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она-Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим «.

Феруза AБДУРАҲИМОВА,

39-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.

Муаллима Феруза Абдураҳимова вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган «Ўзбек тилим – ўзлигим тимсоли» танловининг «Энг яхши ижодий иш» йўналиши бўйича фахрли иккинчи ўринни эгаллади ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Унга вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг иккинчи даражали дипломлари топширилди. Изланувчан муаллимани ушбу ютуқ билан табриклаймиз.