ҲАМ ШАРАФ, ҲАМ МАСЪУЛИЯТ

Кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бизни беҳад қувонтирмоқда. Дунёни қамраб олган пандемия шароитида ҳам муҳтарам Юртбошимиз биз, педагоглар меҳнатини енгиллатиш, нуфузини ошириш, халқнинг орасида ўз обрўсини топиши учун янги қарор ва фармонлар қабул қилдилар.

Шу жумладан, педагогларни мажбурий тўлдиришлари лозим бўлган иш ҳужжатлари 7 тадан 1 тага, синф раҳбарлариники 10 тадан 2 тага, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлариники 19 тадан 4 тага, психологларники эса 27 тадан 8 тага камайтирилди. Бу эса педагогларни ортиқча бюрократиядан бўшаган вақтини таълим сифати ва самарадорлигини оширишга имкон яратади. 

Президентимизнинг 2018 йил 14 августда «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3907-сонли қарорида ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги, ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш ҳамда мустақил дунёқарашини шакллантириш борасида жиддий муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган эди. Ўтган даврда ушбу қарор ижросини амалда кўриб турибмиз. Педагог-ходимларнинг ойлиги оширилганлиги, кўплаб имтиёзлар берилганлиги, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланганлиги бугунги кунда ўқитувчиларни таълим сифатини ошириш йўлида изланиб меҳнат қилишга ундамоқда.

Биз бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан таълимга берилаётган эътибордан миннатдормиз. Чунки мана шундай оғир ва таҳликали кунларда бизнинг соғлигимизни ўйлаб, давлатимиз томонидан таълим муассасалари бепул дори-дармон, антисептик воситалар, тиббий асбоб-ускуналар, дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланди ҳамда ўқитувчиларнинг ҳар биридан касаллигини аниқлаш учун бепул тестлар олинди, гриппга қарши эмланди. Буларнинг барчаси келажагимиз бўлган ёш авлоднинг эртаси учун яратилаётган шароитлардир. Бу зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.

Мўътабар ДЖАМОЛДИНОВА,

8-мактаб директори.