ПОМИДОР КУЯСИ – ҲОСИЛ КУШАНДАСИ

Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизматиOctober 31, 2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 мартда “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар туғрисида”ги ПҚ-3626 сонли қарори қабул қилинди.
Қарорда мамлакатимизда карантиндаги зарарли организмларни Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган.
Қишлоқ хўжалик махсулотларини чет давлатларга экспорт қилишда халқоро норма ва меъёрларга жавоб берадиган сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда вилоятимиз фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда, айниқса, иссиқхоналарда помидор экини маҳсулотлари етиштирилиб, бозорларимизга қиш ва бахор ойларида ҳам мева сабзавот маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Шу билан бирга, иссиқхона ва очиқ дала майдонларида помидор экини ҳосилдорлигига катта хавф соладиган ҳашарот помидор куяси зараркунандаси ҳосил сифатига хавф солмоқда.
Помидор куяси зараркунандаси очиқ ва ёпиқ (иссиқхона) майдонлардаги сабзавот экинларининг, айниқса, помидорнинг хавфли зараркунандаси ҳисобланади. Унинг ватани Жанубий Америка бўлиб, ўтган асрнинг 80-йилларида помидор экилган майдонларда кўплаб ривожланиб, катта зарар етказганлиги аниқланган.
Помидор куяси Италия, Дания, Исроил, Литва, Германия, Белоруссия, Украина, Россия ва бошқа жойларда ривожланиб тарқалмоқда. Ҳозирги кунда бу хавфли ҳашарот Республикамизнинг Тошкент, Қашқадарё, Навоий, Хоразм ва Сухондарё вилоятларининг очиқ ва ёпиқ иссиқхона майдонларида ривожланиб, зарарланаётган майдонлар аниқланган.
Бизнинг шароитда бу ҳашарот картошка, бақлажон, қалампир экинларига ва итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтларга ҳам зарар келтиради. Зараркунанда ўсимликнинг барча ер устки органлари (ўсув нуқтаси, барги, пояси, гул ва мевалари)ни зарарлайди.
Зараркунанда личикалари барг пластинкаси оралиғида озиқланиб, ғовак қилиб, зарар кетиради, зарарланган барг пластинкаси устки қисмида беўхшов доғлар пайдо бўлиб, кейинчалик сарғайиб қуриб қолишига олиб келади.
Помидор куяси меваларни эт қисмини зарарлаб, унинг товарлилик хусусиятини йўқотади ва зарарланган жойларда касаллик тарқатувчи замбуруғ ва бактерияларни ривожланишига қулай шароитни келтиради. Зараркунандага ўз вақтида курашилмаса, етиштирилаётган ҳосилни 80-100 фоизгача нобуд қилиши аниқланган.
Қарши кураш чоралари: биологик кураш – ҳозирги кунда помидор куясини аниқлаш учун дала ва иссиқхоналарга помидор куясини ўзига жалб қилувчи махсус фермон тутқичлардан фойданилмоқда, ушбу орқали помидор экилган майдонларда ҳашарот борлиги аниқланиб, уларга қарши кураш чоралари қўлланилмоқда.
Помидор куясига қарши курашда қуйидаги кимёвий препаратлар эритмаси тавсия этилади:
Ишчи эритма таркиби 10 литр сув ҳисобига Аванту 15% эм.к-10г, такуми 20 % с.э.г-3г, Моспилан 20% н.кук-3г эритмалари самарали ва синалган ва ишончли бўлиб, уларни тайёрлаш ва сепиш шартларига қатъий риоя қилиш лозим.
Бунинг учун аввал ҳар бир препаратдан керакли миқдордагисини олиб алоҳида идишларда 1 литрдан сувга эритиб олиб, сўнгра 10 литрли идишга ярим сув қуйиб тайёрланган ишчи эритмаларини қўшиб мураккаб ишчи эритма тайёрланиб, кечки оқшом (қоронғуда фонар тақиб) кейин сепиш юқори самара беради.
Ниҳоллар ёши катта бўлса 1 гектар майдонга 1000 литр сув сарфланиши, бунда сепилаётган ишчи эритма помидор ва сабзавот экинларининг палагининг барча қисмига тегиши зарур, сепилаётган майдоннинг тупроғига ҳам сепилиши лозим. Чунки препарат қўлланилаётганида куянинг қуртлари хавф сезганда ўзидан махсус ўргимчак ипига ўхшаш ип чиқариб ерга тушиб олади. Помидор куясини зарарланмаган ҳудудларга тарқалиб кетишининг олдини олиш учун иссиқхонаси бор хўжаликлар, деҳқон ва фермер хўжалик раҳбарлари, “Агрокимёҳимоя” МЧЖ ҳамда ўсимликлар карантин ҳудудий инспекцияси мутахассислари билан биргаликда қарши кураш чора- тадбирларни амалга оширишса, вилоятимиз ҳудудида бу зараркунанда тарқалишининг ўз вақтида олди олинган бўлади.
Исмонхон ПЎЛАТОВ,
Наманган вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Уйчи туман инспектори.