ХИРМОНИМИЗ САРБАЛАНД, ЮЗИМИЗ ЁРУҒ

2020 йил уйчилик деҳқонлар учун баракали йил бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, пиллачилик, ғаллачилик ва пахтачиликда юксак марралар забт этилиб, туман тарихида кейинги ўн йилликда эришилмаган ютуқлар қўлга киритилди.

Жорий йил туманимизда 5869 гектар майдонга чигит экиб, 20862 тонна «оқ олтин» тайёрлашга, ҳар гектар майдондан 35,5 центнердан ҳосил йиғиштириб олишга бел боғлаган лафзи ҳалол деҳқонларимиз ваъдаларининг устидан чиқдилар.

Туманимиздаги пахтачилик йўналишидаги 156 та фермер хўжалигининг аксарияти шартномавий режасини шараф билан бажарди.

Эришилган меҳнат зафарида «Машад соҳибкори», «Ёркатай Машраб файз», «Миришкор Ғайрат обжувози», «Усмонжон домла», «Замин», «Қумтепа ниҳоли», «Уйчи ниҳоли», «Сайлихон Жавоҳир орзулари», «Ровот пахтакори» каби фермер хўжаликлари миришкорларининг ҳиссаси катта. Мазкур фермер хўжаликларида ҳар гектар майдондан 40 центнердан ошириб ҳосил кўтарилди.

Таҳлиллардан маълумки, туманимизда 2018 йили пахта тайёрлаш йиллик шартномавий режаси атиги 73 фоизга уддаланиб, 23,7 центнердан, 2019 йили 90,8 фоизга бажарилиб, 32 центнердан ҳосил олинган.

Уйчи тумани ташкил топганлигининг 85 йиллигига муносиб тўёна бўлган  ютуқларимиз туманимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга.

Эзгу ният билан келаси йил учун ҳам пухта замин ҳозирланмоқда. Кузги шудгорлашни сифатли ўтказиш, ғаллани ўз вақтида сепиб, халқимиз ризқ-рўзини бунёд этишга киришилди.

Фурсатдан фойдаланиб, йил давомида самарали меҳнат қилган барча заҳматкашларга – сувчи, механизатор, пудратчи, агроном, қишлоқ хўжалиги меҳнат фахрийлари, депутатлар, жамоатчилик вакиллари,  мавсумда фаоллик кўрсатган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, отряд раҳбарлари, ташаббускор теримчиларга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Ҳалол ва фидойи меҳнатларингиз роҳатини кўринг.

Мардонавор меҳнатингиз самараси – ғалаба муборак, уйчилик уста пахтакорлар! Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.